Жаҳон | 14:06 / 11.07.2018
8581
2 дақиқада ўқилади

Reuters: шифокорлар Таиланддаги ғордан қутқарилган болаларда касаллик аниқланмаганини айтишди

Фото: ТАСС

Шифокорлар Таиланддаги ғорда икки ҳафтадан ортиқ қолиб кетиб қутқарилган болаларда касалликлар аниқланмаганини билдиришди. Reuters агентлигининг хабар беришича, уларда безгак аломатлари топилмаган, кўкрак қафаси рентгени натижалари бир кун аввалгисига нисбатан яхши чиққан.

Таиланд соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, инфекция аломатлари мавжуд бўлган барча қутқарилганлар камида етти кун касалхонада бўлади. Шифокор иккинчи гуруҳда ҳам "жиддий инфекция аломатлари топилмаганини" айтди. Унинг айтишича, эвакуация қилинган сўнгги беш киши, тўрт ўқувчи ва мураббийнинг ҳам аҳволи яхши. Аммо уларнинг касалхонадан қачон чиқишлари муддати ҳозирча аниқ эмас.

"Болалар ғор ичида бир-бирларига жудаям ғамхўрлик қилишган кўринади, - деди шифокор. – Уларнинг аҳволи яхши, зўриқиш аломатлари йўқ, фақат болаларнинг аксарияти ўртача икки килодан озишган".

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар топилган 2 июлдан буён улар билан бирга бўлган врач ва уч ғаввос мутахассислар назоратида бўлишини маълум қилди.
Аввалроқ 8 июл куни қутқарилган биринчи гуруҳдаги болаларнинг ота- оналарига уларни қучоқлаш ман этилганлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид