Жамият | 15:30 / 12.07.2018
13774
4 дақиқада ўқилади

Яна маҳалла гузари муаммоси: Аҳолига болалар майдончаси керак

Кундан кун чирой очаётган пойтахт Тошкентда аҳоли мурожаатларига эътибор ва уларнинг муаммоларига ечим топишга ҳам алоҳида ёндашилмоқда. Бироқ бир мавзудаги муаммо борки, ҳамон ечимини топа олгани йўқ. Аҳамиятли жиҳати Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бу борада аниқ фикр билдирмаяпти. Бу – замонавий маҳалла гузарларининг қурилиши масаласидир. 

KUN.UZ таҳририяти бу борада қатор мақолалар эълон қилиб бормоқда. Қайсидир маҳалла гузари қурилиши тўхтатилмоқда, яна қай бирларидаги қурилиш ишлари сўроқ остида қолмоқда. Ана шундай мурожаатлардан яна бири Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Фарғона йўли ва Сайхун кўчаларида жойлашган, янги бунёд этилган кўп қаватли уйлар аҳолисидан келиб тушди. Унда кўп қаватли уйлар орасида “Тонг Юлдузи” номли 3 қаватли замонавий маҳалла гузари бунёд этилаётгани, бироқ амалга ошаётган ишлар ноқонуний эканлиги баён этилган. KUN.UZ мазкур мурожаат юзасидан қайд этилган манзилга борди. У ерда бизни маҳалла аҳолиси кутиб олди.

- Мен илк бор бу уйга кўчиб келганимда, бизга майдоннинг лойиҳаси кўрсатилган эди. Унда болалар майдончаси, теннис корти, фаввора, кексалар учун ўриндиқ ва шу каби дам олиш масканини кўриш мумкин эди. Бошқа жойдан ҳам уй олсак бўларди, бироқ болалар майдончаси, болаларимиз учун шароит бўлгани учун мана шу ердан хонадон сотиб олдик, - деди биз билан суҳбатда шу ерда истиқомат қилувчилардан бири.

Эътибор беринг, маҳалла гузари лойиҳаси бўлмасидан аввал бу ерда тасдиқланган лойиҳа бўлган. Бироқ ана шу лойиҳа бўйича қурилиш тўхтатилиб, ўрнига маҳалла гузари лойиҳаси тушмоқда. Бироқ лойиҳа экспертлар кўригидан ўтганми? Биз қурувчи тадбиркор билан учрашдик. Бироқ у интервью берини хоҳламади. Унинг ҳужжатларида ҳам камчиликлар сезилди. Маҳалла раиси лом-мим демади ҳам. Туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов ҳақида бирон фикр билдирмаганимиз маъқул. Боиси KUN.UZ таҳририяти сайтида энг кўп тилга олинган низоли маҳалла гузарлари лойиҳаси Миробод туманидан эканлиги туман ҳокимининг фаолиятига баҳо беришга етарли бўлади.

- Бу ерда уч қаватли бино тушгач, у бинонинг хоналари ижарага бериб юборилгач, уйлар олдида машиналар тўпланишни бошлайди. Ҳар хил машиналар киради. Ўзимизда ҳам кириб чиқишда муаммо юзага келади, - дейди яна бир аҳоли вакили.

Бу ерда яшовчи одамлар тараққиётга қарши эмас, улар шунчаки барча ишлар қонуний тартиб-интизомда олиб борилишини исташади холос. Лойиҳада кўрсатилганидек, уйлари олдида болалар, спорт, ҳордиқ чиқариш майдончалари бўлишини, болалари, набиралари ўз уйлари олдида бехавотир ўйнашларини хоҳлашади. Аҳоли айни дамда прокуратурага мурожаат этган. Уларнинг умиди қонун устувор бўлиши ва ноқонуний қурилишни тўхтатиб, болалар майдончасини сақлаб қолишдир. KUN.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид