Жаҳон | 22:29 / 12.07.2018
4384
2 дақиқада ўқилади

Руминия ҳудудида НАТО қўмондонлик маркази жойлаштирилади

Фото: Reuters

Руминия НАТО саммитида ўз ҳудудида альянснинг қўмондонлик операцион маркази жойлаштирилиши ва мамлакатдаги кўпмиллатли бригаданинг доимий мақом олишига эришди, деб маълум қилди Руминия президенти Клаус Йоханнис матбуот анжуманида.

"НАТОнинг шарқий қанотда жойлашувини мустаҳкамлаш бўйича иккита муҳим нарсага эришдик. Биринчиси, қўмондонлик операцион маркази. Ўйлаймизки, марказ ташкил этилгач, бу ерда НАТОнинг барча мамлакатларидан 400га яқин штаб офицери биз билан бирга бўлади", - деди у.

"Биз, шунингдек, ўзимиз ташкил этган кўпмиллатли бригаданинг мақоми яхшиланишига, доимий мақом олишига эришдик. Биз иттифоқчиларимиз янада жиддийроқ ўрнашишлари учун музокараларни давом эттирамиз", - деди у.

Йоханниснинг айтишича, Руминиянинг ташаббуси билан Қора денгизга бағишланган, Украина ва Грузия иштирок этган махсус сессиянинг ўтказилиши учинчи муҳим натижа бўлди. Президент, шунингдек, келгуси йили Руминиянинг ҳарбийлар, жандармлар ва фуқаролардан иборат Афғонистондаги контингенти 770 кишидан 950 кишигача етказилишини маълум қилди.

Йоханнис НАТОнинг тарқалиш хавфи ва альянс ичида низолар йўқлигини билдирди.

"Айтишим мумкинки, бундай хавф йўқ. Мунозара мавжуд ва бу масалалар президент Трамп томонидан олиб чиқилди. У шунчаки ҳамма нарсани ўз номи билан атади, бу эса дўстлар ва иттифоқчилар орасида меъёрий ҳолат ҳисобланади. Муаммолар муҳокама қилинди, биз ҳаммамиз НАТО ягона, ўзига хос, Ер юзидаги энг кучли ҳарбий иттифоқ, деган тушунчада тарқалдик, бундан буён ҳам биргаликда қадам ташлаймиз", - деди Йоханнис ҳамда альянс мамлакатлари "НАТОни янада кучли қилиш учун сал кўпроқ харажат қилиш мажбуриятини олганини" қўшиб қўйди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид