Иқтисодиёт | 09:52 / 12.07.2018
14405
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор «Ипак Йўли» банки негизида «Исломий банк хизматлари дарчаси» ташкил этиш режалаштирилмоқда

Ҳозирда «Ипак Йўли» банки Хусусий Секторини Ривожлантириш бўйича Ислом Корпорацияси (Ислом Тараққиёт Банки гуруҳига киради) билан ислом банки хизматларини кенг миқёсда жорий этган ҳолда банк негизида «Ислом банк хизматлари дарчаси»ни яратиш лойиҳасини ишлаб чиқишда консультатив хизматларни тақдим этиш бўйича фаол музокаралар олиб бориш босқичида турибди.

Ушбу музокаралар доирасида, жорий йилнинг 11 июл санасида АИТ «Ипак Йўли» банки Бош офиси биносида Нида Раза (ХСРИК консультация хизматлари Департементи Директори) бошчилигидаги ХСРИК делегацияси ва Бошқарув Раиси Сайдахмедов Саидаброр бошчилигидаги банк раҳбарияти ўртасида юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Музокара иштирокчилари Ўзбекистонда «Исломий банк хизматлари дарчаси»ни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

ХСРИК делегацияси иштирокчилари «Исломий банк хизматлари дарчаси»ни ташкил этиш лойиҳасини Ўзбекистон аҳолисига маъқул келишини алоҳида таъкидлаб ўтиб, муҳокамалар самарали ўтганини айтиб ўтишди.

Бундан олдин, 2018 йилнинг 1-5 апрель кунлари Тунисда бўлиб ўтган ИТБ гуруҳининг 43-Йиллик Йиғилиши давомида Ўзбекистон делегацияси ИТБ раҳбарияти ва унинг таркибий бўлинмалари билан икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар доирасида мамлакат тижорат банклари негизида «Исломий банк хизматлари дарчаси»ни яратиш бўйича дастлабки синов лойиҳани амалга ошириш бўйича илк келишувларга эришилган эди.

Юқоридаги икки томонлама музокараларни инобатга олган ҳолда, «Ипак Йўли» акциядорлик инновация тижорат банки Ўзбекистондаги «Исломий банк хизматлари дарчаси» асосида исломий молиялаштириш тамойилларига кўра, банк хизматларини кўрсатувчи илк тижорат банки бўлиши режалаштирмоқда.

«Исломий банк хизматлари дарчаси» – бу умуман анъанавий банк хизматларини кўрсатмайдиган исломий банкдан фарқли равишда анъанавий тижорат банки таркибидаги ислом тамойилларига асосланган ҳолда банк хизматларини таклиф этувчи алоҳида тузилмавий бирлигидир. «Исломий банк хизматлари дарчаси» America Express Bank, HSBC, ANZ Grindlays, BNP-Paribas, Chase Manhattan, UBS каби ва бошка кўплаб биринчи даражали банкларда мавжуд. Улар Шариат қоидаларига риоя қилган ҳолда анъанавий банк маҳсулотларига тўлақонли муқобил бўлмиш банк хизматларининг барча турларини тақдим этишлари мумкин.

«Ипак Йўли» банки Ўзбекистонда исломий молиялаштириш механизмларини кенг жорий этиш бўйича лойиҳада фаол иштирок этишга ҳар доим катта қизиқиш билдириб келган, хусусан, у ислом банкчилиги тамойиллари асосида кичик ва хусусий бизнес субъектларини молиялаштиришни таъминлаш бўйича ХСРИК билан ҳамкорликни бошлаган биринчи ўзбек банкидир. 2006 йилдан бошлаб «Ипак йўли» банки томонидан 3 та молиялаштириш линиялари бўйича жами 22 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жалб қилинган. Улар доирасида 43 та лойиҳалар молиялаштирилди ва 650 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. «Ипак Йўли» банки Исломий молиялаш соҳасида катта тажриба ва билимларга эга. Бу эса банк Ўзбекистонда «Исломий банк хизматлари дарчаси» лойиҳасини муваффақиятли жорий қилишига асос бўла олади.

Қисқача маълумот

ХСРИК Ислом Тараққиёт Банки хусусий сектори бўлинмаси ҳисобланади. ХСРИКнинг асосий мақсади Корпорацияга аъзо давлатларнинг иқтисодий ривожланишини хусусий секторга молиявий ёрдам кўрсатиш орқали қўллаб-қувватлашдир. Ислом тараққиёт банкининг асосий вазифаси мусулмон дунёси мамлакатларида иқтисодий ва ижтимой тараққиётни ислом қоидаларига амал қилган ҳолда қўллаб қувватлашдир.

Мавзуга оид