Ўзбекистон | 21:15 / 13.07.2018
255642
4 дақиқада ўқилади

Туробжон Жўраев пора билан қўлга тушган. У Самарқанд вилоятида коррупцион тизимни йўлга қўйгани фош этилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йирик коррупцион схемага чек қўйгани ҳақидаги лавҳа эълон қилинди.

Мазкур лавҳа «Ахборот-24» дастурида ҳам намойиш этилди. Қўзғатилган жиноят ишларидан бирининг фигуранти Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган Туробжон Жўраевдир.

Лавҳада президент Шавкат Мирзиёев лавозимига киришганидан сўнг энг биринчи имзолаган қонунларидан бири «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» бўлганига урғу берилди.

Президент мансабдорлар ва ҳокимият вакиллари қандай ишлаши кераклигини бот-бот такрорлаётганига қарамасдан мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бартараф этилмаётганига лавҳада урғу берилган.

Президентимиз фаолиятининг дастлабки кунларида «Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз — муаммони тик қарши олиш, уларни ҳал қилиш, адолатни таъминлаш, бошбошдоқлик ва коррупцияга чек қўйиш, инсонлар ҳаётини яхшилашдир», деган эди.

Лавҳада Самарқанд вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келган Туробжон Жўраев ўзининг шахсий манфаатлари йўлида президент ишончини суиистеъмол қилгани қаттиқ қоралаб ўтилди.

У муаммоларни жойида ҳал этиш, вилоят аҳолисига ёрдам кўрсатиш ўрнига пора олишнинг бутун бир вертикал тизимини яратгани ошкор қилинди.

Тергов-суриштирув ишлари давомида Туробжон Жўраевнинг ўзи бу борада бирор нарсани инкор этмаган.

Вилоят ҳокимлигида ишловчи лавозимдор шахслар — ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш ишлари бўйича мутахассис — Баҳодир Хўжақулов ва вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — Ботир Абдуллаев ҳам мазкур жиноий ишга алоқадор ҳисобланмоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос «ставка» жорий этилган.

Ноқонуний йўл билан топилган барча мол-мулк ва моддий бойликлар рўйхатга олинган. Барча фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчилар ҳибсга олинган.

«Албатта, айбдорлар тегишли жазосини олади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Ҳозир замон ўзгарди. Лекин таассуфки, ҳамма ҳам буни тушунмайди: ўзига берилган ваколатдан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланаётганлар ҳам бор. Гап фақат лавҳада айтиб ўтилган шахслар эмас. Бу мавқеи, бойлиги, алоқаларидан қатъи назар, барча давлат хизматчиларига мурожаат ўлароқ қабул қилиниши керак. Енгил пул топиш йўлига сакраб ўтмоқчи бўлган ҳар бир киши унутмаслиги керак: ким ва нима учун ишлаяпсиз, нега сизга Президент ва халқ бу лавозимни ишониб топширган?», дейилади лавҳада.

Туробжон Жўраев 1966 йили Сурхондарё вилоятида туғилган, Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

У 1998-2003 йилларда Молия вазири ўринбосари, 2003-2008 йилларда Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган.
2008 йил мартидан 2011 йилгача Сурхондарё вилояти, 2011 йил ноябридан Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган Жўраев 2013 йилнинг 27 сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан Қашқадарë ҳокимлигидан бўшатилган, коррупция ва порахўрликда айбланиб, давлат бошқарув тизимидан четлатилганди. 

У 2017 йил апрель ойида раҳбарлик лавозимига қайтарилди ва Бекобод туманига ҳоким этиб тайинланди.

2017 йилнинг 13 июнида эса президент Шавкат Мирзиëев уни Самарқанд вилоятига вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган эди. У 2017 йилнинг 9 ноябрида вилоят ҳокими сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид