Жамият | 20:00 / 18.07.2018
9448
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазиридан орган ходимларига кутубхона ва «Дамас»

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатов вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги ИИВнинг реабилитация марказида бўлишди, деб хабар бермоқда вилоят ИИВ матбуот хизмати.

Раҳбарлар бу шифо масканида саломатлигини тиклаётган осойишталик посбонлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ўзларининг тегишли тавсияларини беришди.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов томонидан китоб инсон тафаккурининг маҳсули ва тарих солномаси эканлигини таъкидлаб, кутубхонани янада бойитиш учун йигирма миллион сўм маблағ ажратилганини эълон қилди.

Пўлат Бобожонов даволаш профилактик муассасасида саломатлигини тиклаётган ички ишлар ходимларига янги, замон талабларига жавоб берадиган кутубхонани туҳфа этди. Ушбу зиё масканига қимматбаҳо турдаги турли бадиий-адабий, илмий ҳамда диний китоблар тақдим этилди.

Эътироф этиш жоизки, мазкур даволаш муассасасида даволанаётган ички ишлар органлари ходимларига яна бир қулайлик яратилди. Энди улар ушбу масканда даволаниш билан бир қаторда қадимий шаҳардаги тарихий обидаларига сайёҳат қилишлари учун ИИВ раҳбари томонидан «Дамас» автомашинаси топширилди.

Шунингдек учрашувда реабилитацияда шифо топаётган ички ишлар ходимлари учун бир пиёла чой ташкил этилди ҳамда уларга концерт дастури намойиш этилди.

Мавзуга оид