Жаҳон | 19:52 / 21.07.2018
10748
2 дақиқада ўқилади

Японияда бир кун ичида 13 киши жазирама иссиқдан вафот этди

Фото: ТАСС

Киодо агентлиги Японияда шанба куни офтоб уришидан вафот этганини хабар қилди.

Шанба куни мамлакатнинг аксарият ҳудудида ҳарорат 35 даражадан юқори бўлди. Киотода ҳарорат 38 даражадан ҳам ошиб кетди. Шанба куни Киото иссиқдан етти киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, бошқа префектураларда ҳам иссиқ ҳароратдан яна олти киши ҳалок бўлган.

Кўплаб кишиларнинг касалхонага ётқизилгани, хусусан, офтоб уриши оқибатида оммавий равишда касалхонага тушганлар ҳақида хабарлар келмоқда. Бу асосан мактаблардаги спорт тадбирлари билан боғлиқ ҳолатлардир. Гифу ва Сидзуока префектураларида бир неча нафар мактаб ўқувчиси офтоб уриши натижасида касалхонага ётқизилган. 

Яқин кунлар ичида ҳарорат 35 даражадан юқори бўлиб туриши кутилмоқда. Метеорологлар аҳолини кўчага чиқмасликка ва зарурият бўлмаган ҳолларда қуёш нури остида бўлмасликка чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ФВВ ҳам 19-23 июль кунлари Ўзбекистонга Эрондан қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво Туркманистон орқали кириб келиши, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳавонинг кундузги ҳарорати ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5–7 даражага ошиб, 40–43 даражани ташкил этиши ҳақида огоҳлантирган ва иссиқ об-ҳаво шароитида қандай ҳаракат қилиш лозимлиги бўйича тавсиялар берганди.

Тавсияларда иссиқ об-ҳаво пайтида саломатлик билан боғлиқ муаммолар олдини олиш мақсадида, тамаки маҳсулотларини чекиш, алкогол ичимликлари ичиш, кучли жисмоний меҳнат қилиш ва овқат истеъмол қилишни камайтириш лозимлиги айтилган.

Бундан ташқари, олдиндан ичимлик суви захираларини яратиш, иссиқ об-ҳавога мос кийим-кечак, вентильятор, кондиционерларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилган.

Тавсияларда билдирилишича, иссиқ об-ҳаво шароитида оч (оқ) рангдаги ҳаво ўтказадиган (иложи борича пахтадан тайёрланган) кийим-кечак ва бош кийим кийиб юриш, кўпроқ суюқлик (сув) истеъмол қилиш соат 12дан 16гача кўчага чиқмасликка ҳаракат қилиш ҳамда иложи борича кўпроқ душ қабул қилиш айтилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид