Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштириш қандай ҳолатларда рад қилинади?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлари соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланиши белгиланган:
Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Идоравий нотариал архивлар томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Белгиланишича, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қиладилар.
Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, регламент талаблари қуйидаги ҳолларда:
никоҳда бўлмаган онадан (ёлғиз она) туғилган боланинг туғилишини қайд этишда;
никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг туғилиши уларнинг биргаликдаги аризаси (оталикни белгилаш) асосида туғилишини қайд этишда;
топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда;
туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган болаларнинг туғилишини қайд этишда;
ўлик туғилган боланинг туғилганлигини, ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) болаларнинг туғилганлигини, шунингдек эгизаклардан бири ўлик туғилганда ёки ҳаётининг биринчи ҳафтасида (перинатал ўлим)вафот этганда тирик эгизакнинг туғилганлигини қайд этишда;
суднинг ҳал қилув қарорига асосан боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини қайд этишда татбиқ этилмайди.
Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали туман (шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан кўрсатилади.
Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Ариза берувчи давлат хизматини олиш учун бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этади.
Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан сўровномани электрон равишда тўлдиради.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома;
ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;
никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома).
Бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ўтказиб юборилганда - туғилиш фактини тасдиқловчи ҳужжатга қўшимча равишда қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим қилинади.
Ота-оналардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган алоҳида ҳолларда ота ёки она ҳақида маълумотлар никоҳ тузилганлиги ёки аввалги болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари асосида кўрсатилади.
Ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилади.
Бола туғилгунга қадар унинг отаси вафот этган вақтдан, ота-онаси никоҳи бекор қилинганлигидан ёки ота-онасининг никоҳи суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилгандан кейин 300 кундан кўп вақт ўтмаган бўлса ариза берувчи томонидан никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги қароридан кўчирма (нусха) ёки никоҳни ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қароридан кўчирма (нусха) ёки отасининг ўлими ҳақидаги гувоҳномаси тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет элда туғилган ва унинг туғилганлиги консуллик муассасаси томонидан қайд этилмаган тақдирда белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган хорижий давлатнинг ваколатли органлари томонидан берилган бола туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.
Давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаш ахборот коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;
қолган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.
Ариза берувчида сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги, шунингдек давлат хизматлари кўрсатиш учун тўловни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, давлат хизматини кўрсатиш учун тўланган маблағлар қайтарилмайди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилиб, у ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланганидан сўнг, 10 дақиқа ичида барча ҳужжатлар сканер қилиниб, электрон шаклда ФҲДЁ бўлимларига юборилади.
Бунда, ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома) ариза берувчига қайтариб берилиб, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг асл нусхаси далолатнома тузган ҳолда 2 иш куни ичида тегишли ФҲДЁ бўлимларига тақдим этилади.
ФҲДЁ бўлимлари туғилганликни қайд этиш масаласидаги сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олганидан сўнг 1 иш соати ичида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан кўриб чиқади ва натижасига кўра болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиради ёки уни расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган маълумотномани тузади.
ФҲДЁ бўлимлари 10 дақиқа ичида қайд этилган туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви, туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топшириш учун туғилганлик ҳақида маълумотнома ёки туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган маълумотномани ариза берувчига етказиш учун Давлат хизматлари марказига юборади.
Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштириш қуйидаги ҳолатларда рад қилиниши мумкин:
агар туғилганликни қайд этиш қонунчиликка зид бўлса;
агар тақдим этилган ҳужжатлар уларга нисбатан қонун ҳужжатларида қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаса;
агар туғилганликни қайд эттириш учун мурожаат қилган шахс бунга ҳуқуқли бўлмаса ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.
Давлат хизматлари маркази ФҲДЁ бўлимлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиб олгандан сўнг 10 дақиқа ичида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ва ариза берувчига ҳужжатларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзолатган ҳолда тақдим этади.
Агар ариза берувчи туғилганликни қайд этиш ва у билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни 3 иш куни давомида Давлат хизматлари марказидан олиб кетмаса, Давлат хизматлари маркази ушбу ҳужжатларни далолатнома тузган ҳолда тегишли ФҲДЁ бўлимларига топширади ва бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025