Ўзбекистон | 00:31 / 22.07.2018
13068
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги маслаҳатлашув учрашуви Тошкентда бўлиб ўтади

Навбатдаги Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳатлашув учрашуви 2019 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Чўлпон ота шаҳрида (Қирғизистон) Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тадбир чоғида минтақа кун тартибининг долзарб масалалари, шунингдек Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини янада ривожлантириш бўйича сермазмун ва батафсил фикр алмашилди.

Бундан ташқари хавфсизликни таъминлаш, минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларини фаоллаштириш, Марказий Осиёнинг транзит-транспорт салоҳиятларини кенгайтириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг зарурлиги қайд этилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов тадбир қатнашчиларини жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатларининг Минтақавий иқтисодий форуми ишида иштирок этишга таклиф этди.

Йиғилиш якунларига кўра Қўшма баёнот қабул қилинди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид