Ўзбекистон | 14:40 / 22.07.2018
14099
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот қабул қилишди

Фото: Қирғизистон ТИВ

20-22 июль кунлари Чўлпон ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Қ.Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Э.Абдилдаев, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири С.Муҳриддин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Б.Мятиев иштирок этди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашув якунларига кўра қўшма баёнот беришган. 

Вазирлар 2018 йил 15 мартда Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг Остона шаҳридаги ишчи (маслаҳатлашув) учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида, Қирғизистон томони ташаббусига кўра дўстона руҳда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, хавфсизликни таъминлаш, чегара, транспорт ва транзит алоқалари, сув-энергетика манбаларидан фойдаланиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, жумладан Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилишган.

Учрашувда Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг 2019 йил март ойида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги маслаҳатлашув учрашувининг муҳимлиги эътироф этилган.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнидаги ҳамда минтақадаги ҳудудлараро ва чегараолди ҳамкорлигининг фаоллашишидаги ижобий динамика қўллаб-қувватланган.

Ташқи ишлар вазирлари халқаро терроризм ва экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, уюшган трансмиллий жиноятлар ҳамда минтақавий хавфсизликнинг таҳдидларига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг зарурлигини таъкидлашган, савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони кўпайтириш учун қулай шароитлар яратишнинг зарурлигини қайд этишган.

«Минтақа ичидаги инвестицион ҳамкорликни олға суриш Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишбилармонлик муҳити фаоллигининг муҳим омили», дея фикр билдирилган учрашувда.

Йиғилганлар минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш минтақа давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги мустаҳкамланишига, транспорт инфратузилмасининг ривожланишига ва транспорт коммуникациялари орқали транзит юк ташишни йўлга қўйишга имкон яратишини тасдиқлашган.

Марказий Осиёда сув-энергетика манбаларидан комплекс фойдаланишни қўллаб-қувватланган ҳамда минтақанинг барча мамлакатлари қизиқишларидан ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқишнинг зарурлигига урғу берилган, Марказий Осиё давлатлари халқларининг маданияти, тарихи ва тиллари мустараклиги қайд этилиб, томонлар таълим, маданият, санъат, фан, туризм ва бошқа соҳалардаги давомий ҳамкорлик тарафдори эканликлари тасдиқланган. 

«2018 йилнинг 20-22-июль кунлари Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви Марказий Осиёнинг бешта мамлакати халқлари ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ишончга асосланган минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдирдилар. Минтақавий ҳамкорликнинг ҳолатини муҳокама қилиш ва уларнинг кейинги ривожланиши истиқболларини белгилаб олиш учун Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги сиёсий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар. Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг кейинги учрашувини Тожикистон Республикасида ўтказилишига розилик билдирдилар», дейилади ТИВ хабарида.

Мавзуга оид