Ўзбекистон | 23:53 / 24.07.2018
13191
3 дақиқада ўқилади

Тадқиқот ва ривожланишга харажатлар бўйича давлатлар рейтинги: Ўзбекистон 76-ўринда

HowMuch таҳлилий сайти тадқиқот ва ривожланишга харажатлар бўйича давлатлар рейтингини тақдим қилди.

Таъкидланишича, баъзи давлатлар фаннинг ривожланишига миллиардлаб доллар ажратади, бироқ бунда барчаси кутилгандек ва натижалар самарали бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Баъзида бу натижаларни йиллаб кутишга тўғри келади.

Таҳлилчилар рейтингни тузишда ЮНЕСКОнинг статистик маълумотларидан фойдаланишган.

Рейтингнинг етакчи ўнталиги қуйидагича кўриниш олган: 

  1. АҚШ – 476,5 млрд доллар
  2. Хитой – 370,6 млрд доллар
  3. Япония – 170,5 млрд доллар
  4. Германия – 109,8 млрд доллар
  5. Жанубий Корея – 73,2 млрд доллар
  6. Франция – 60,8 млрд доллар
  7. Ҳиндистон – 48,1 млрд доллар
  8. Буюк Британия – 44,2 млрд доллар
  9. Бразилия – 42,1 млрд доллар
  10. Россия – 39,8 млрд доллар

АҚШда ҳар миллион кишига 4295 нафар, Хитойда эса 1096 нафар тадқиқотчи тўғри келар экан.

Таҳлилчилар “тадқиқот” термини остида фармацевтикадан бошлаб самолётсозликкача бўлган барча соҳани назарда тутишган.

Ўзбекистон 345 млн доллар билан рейтингнинг 76-поғонасини эгаллаган.

Қўшни давлатлардан Қозоғистон 67-ўринни эгаллаган. Бу давлатда тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун 718 млн доллар ажратилар экан.

Тожикистонда эса бу мақсадлар учун бор-йўғи 26 млн доллар, Қирғизистонда эса 25 млн доллар ажратилар экан. Туркманистон эса рейтингга киритилмаган.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, турли тадқиқотларга катта маблағ ажратувчи давлатлар ҳақиқатан ривожланган.

Маълумки, фан, тадқиқотлар ва инновациялар узоқ муддатли инвестицияларни талаб қилади.

Ҳаммаси инсон ресурсидан бошланади: дастлаб боғчага, сўнгра мактаб, кейин эса олий таълим муассасасига сармоя киритилади. Шунингдек, докторантура ва Фанлар академиясини ҳам унутмаслик лозим.

Бир инсон илмий ходим ёки тадқиқотчи сифатида давлатга натижалар беришни бошлаши учун камида 20 йил кутишга тўғри келади. Бунда давлат ундан аъло даражадаги натижаларни олишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Фан жуда тез суръатлар билан ривожланади, атроф-муҳит эса ҳар дақиқа ўзгаради. Албатта бунга тез мослашиш мумкин, бироқ бунинг учун қўшимча сармоялар талаб этилади.

БМТ маълумотларига кўра, фан, технология ва инновацияларга сармоялар мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари экологикроқ ва инклюзив жамиятларни қуриш ва барқарор ривожланишга кўмак беради.

Бироқ давлат ва хусусий сектордаги инфратузилма ривожланиши, технологиялар билан алмашинув ва илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари натижалар бериши учун улар самарали сиёсат билан тартибга солиниши лозим.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид