Жаҳон | 22:20 / 25.07.2018
7968
2 дақиқада ўқилади

Видео: Швециялик раҳмдил талаба афғонистонлик муҳожирнинг депортация қилинишига рози бўлмади

Швециядаги Гётеборг университети талабаси Элин Эрссон ҳукумат томонидан бошпана бериш рад этилиб, ватанига қайтариб юборилаётган афғонистонликнинг депортациясини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар тарқатган.

Эрссон депорт қилинган афғон билан бир самолётга чиққанди. У муҳожирнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига қаршилик қилиб, ўз жойига ўтиришдан бош тортди. Бу ҳолатда эса самолёт ҳавога кўтарила олмасди. Талаба жараённи фейсбукдаги саҳифаси орқали жонли трансляция қилади.

«Бу кишини самолётдан тушириб қолдирмасангиз, мен жойимга ўтирмайман. Чунки у Афғонистонга қайтса, уни ўлдиришади. Мен бу одам ўлишини истамайман», дейди у.

Шунда унга йўловчилардан бири ташланиб, бас қилишни талаб қилади ва қизнинг телефонини тортиб олишга ҳаракат қилади.

«Менга сиз нима деб ўйлаётганингиз барибир. Рейс кечикмоқда. Қолаверса, самолётда болалар бор. Сиз уларни қўрқитмоқдасиз. Ўчиринг телефонингизни», дейди инглиз тилида гапирган йўловчи таҳдидона оҳангда.

Йўловчиларнинг аксар қисми Элин Эрссоннинг ёнини олишади.

Якунда Эрссон ўз ниятига етишади, муҳожирни самолётдан тушириб қолдиришади. Йўловчилар Эрссонни олқишлашади.

Швеция нашрларида тахмин қилинишича, талаба қиз атайлабдан шу самолётга чиққан.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид