Ўзбекистон | 09:25 / 26.07.2018
20408
3 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк ва Самарқанддаги бир хил камчилик: бизнинг имкониятимиз бор

Бу чоршанба куни тушдан сўнг, соат 17:30да юз берди. Нью-Йорк шаҳрида юзга яқин тезликни кузатиш камералари жимгина ўчириб қўйилди. Улар кузатиб турган мактаб биноси олдидан юқори тезликда ўтишга ийманган мотористлар яна эски одатга қайтиши мумкин.

Фото: The New York Times

Камералар шаҳарнинг машиналар энг тирбанд бўладиган кўчаларида жойлашган 140та мактаб яқинига ўрнатилганди. Нью-Йорк Транспорт департаментининг маълум қилишича, дарс пайтлари камера ҳудудидан ўтувчи транспорт воситаларининг тезлиги 63 фоизгача тушганди. 

2013 йили камералар хавфсизлик чораси сифатида қонунийлаштирилган бўлса, шу йилга келиб, уларни бошқа мактаблар олдида кўпайтириш ўрнига, барчасини ноқонуний қурилма сифатида олиб ташлаш буюрилди. 

Фото: The New York Times

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳрининг Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойида Mercedes-Benz машинаси уриб кетиши оқибатида истеъдодли актриса Фарангиз Режаметова ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабарлар тарқади.  Воқеадан бир неча кун ўтиб, Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси  пойтахтдаги  Абдулла Қодирий кўчасининг туннель бор қисмига, унга кириш ва чиқиш жойида 4та камера ўрнатганини маълум қилди. 

Шунингдек,  «Бектемир — Чорбоғ» автомобиль йўлининг 7-, 9- ва 11-километрлари оралиғи, яъни Бордонкўл МФЙда, 14- ва 17-километрлари оралиғи, яъни Истиқлол МФЙда, «Янгибозор — Паркент» автомобиль йўлининг 3- ва 7-километрида ҳамда «Тошкент — Олмалиқ» автомобиль йўлининг 29-километрида, Полвонак МФЙда янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилди.

Аммо, Самарқанд шаҳрининг Мирзо Бедил кўчасидаги серқатнов йўлдан ўтишда қийналган маҳаллий болакайлар бўр ёрдамида «зебра»ни қайта чизиб чиқмагунча, маҳаллий ҳокимият бунга аҳамият бермади. 

Балки, Нью-Йорк шаҳри каби ривожланиш учун инфратузилма етишмас, аммо уларнинг хато ва камчилигидан ибрат олишимизни ҳеч ким тақиқламаган. ​

Мавзуга оид