Самарқанд шаҳар ҳокимлиги: 1910 йилда қурилган почтанинг тарихий биноси бузилмайди
Интернетнинг ижтимоий тармоқларида Самарқанд шаҳрида бундан бир аср олдин – 1910 йилда қурилган почта биносининг бузилаётгани ҳақида хабарлар яна пайдо бўлди.
Шуни маълум қиламизки, ҳозирда почта жойлашган бино яқинида Самарқанд давлат медицина институтининг 800 ўринли ўқув биноси қурилиши мўлжалланган. Ушбу бинонинг қурилиши маданий-тарихий ҳисобланган почта биносидан норматив масофага асосан олиб борилади. Қурилиш ишларининг тарихий бинога ҳеч қандай таъсири йўқ, дейилади Самарқанд шаҳри ҳокимлиги баёнотида. У “Зарафшон” нашрида эълон қилинди.
Иккинчидан, ўқув корпусининг бир қисми қуриладиган жойдаги почтанинг хат-хабар алмашинуви биноси тарихий-маданий обида сирасига кирмайди – 1987 йилда қурилган таъмирталаб иншоотдир. Бузилиши режалаштирилган бино маданий-тарихий иншоот эмаслиги ҳақида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси мутасаддиларининг хулосаси бор.
Бугунги кунда шаҳарда бир қатор қурилиш ишлари якуний экспертиза ўтказиш учун тўхтатиб қўйилган. 18 йилдан буён шаҳарда яроқли бош режа бўлмагани айни вақтга келиб кўплаб ана шундай муаммоларни юзага келтирмоқда. Шаҳар бош режасида нафақат бинолар, балки йўллар, ҳатто муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам инобатга олиниши боис бу борада айрим ҳудудларда янги лойиҳаларни бажариш қийин кечмоқда.
Муаммони бартараф этиш мақсадида айни пайтда “ТошБошПлан ЛИТИ” институти вакиллари томонидан шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур режа жорий йилнинг 1 декабрига қадар тайёрланади ва бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
“Яна бир гап, бугун айрим юртдошларимиз интернетда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар билан тўлдирилган, энг ёмони, таг замири фақат ёлғондан иборат бўлган мана шундай асоссиз хабарларга ишониб қолмоқдалар.
Шу ўринда ҳурматли ҳамшаҳарларимиздан олиб борилаётган ишларнинг асл моҳиятига етмасдан туриб ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирмаслигини сўраб қоламиз. Бузилиши режалаштирилган уй-жойлар бозор нархида баҳоланиб, қонун доирасида компенсация тўланади. Бу борада ҳеч қандай эътирозга ўрин қолмайди”, - дейилади хабарда.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
17:38 / 05.11.2024