Жаҳон | 08:25 / 26.07.2018
4730
2 дақиқада ўқилади

Собиқ крикетчи Имрон Хон Покистоннинг кейинги Бош вазири бўлишга яқин турибди

Фото: REUTERS

Покистонлик собиқ крикетчи, айни пайтда мамлакат Бош вазири лавозими учун сайловларда курашаётган Имрон Хон дастлабки натижалардан кўнгли тўлмаяпти. Унинг айтишича, буларнинг барчаси «очиқчасига сохталаштирилган рақамлар» ҳисобланади. 

25 июль куни ўтказилган сайловнинг 30 фоизли натижаси эълон қилингач, Хон етакчилигидаги «Теҳрики Инсоф» партияси Миллий Ассамблеядаги 272 ўриннинг 132тасига даъвогарлик қилмоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Собиқ Бош вазир Шарифнинг «Покистон мусулмонлари лигаси - Навоз» партияси эса 66та, икки марта Бош вазир сифатида фаолият юритган марҳума Беназир Бҳуттонинг ўғли бошчилик қилаётган «Покистон халқ партияси»  39та ўринга эгалик қилмоқда. 

Бироқ, Покистон Марказий сайлов комиссияси якуний натижаларни эълон қилишга шошилмаяпти. 

«Бу ерда ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаслиги лозим. Шунчаки, сайлов натижаларини текширувчи тизим ишдан чиққан», дейди комиссия расмий вакили Бабар Яқуб. 

Миллий Ассамблеяда 137та ўринга эгалик қилибгина сайловда мутлақ ғалабага эришиш мумкин. Имрон Хон бошчилигидаги партия матбуот котиби Фавод Чаудри эса «Имрон Хон янги Бош вазир» дея эълон бериб улгурди. 

Фото: REUTERS

Эслатиб ўтамиз, сайлов куни ҳам мамлакатда портлаш юз берди. Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Кветта шаҳрида содир бўлган ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлди.

Мавзуга оид