Жамият | 02:37 / 26.07.2018
11334
3 дақиқада ўқилади

Суд жиноят қилган аёлга ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарди

2018 йил июль ойида жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти, Учқудуқ туман судининг мажлиси бўлиб ўтди. Судья Ж.Каримов раислигида ўтган суд мажлисида Мўминова Зарнигор Наримон қизига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. 

Судланувчи З.Мўминова, Навоий вилояти Учқудуқ тумани “Деҳқон бозори” ҳудудидаги 150-сонли савдо дўконида оғзаки келишув асосида, ёлланма ишчи вазифасида ишлаб келиб, савдо дўкон эгаси Умарова Дилафруз Ҳожиқурбоновнанинг ишончига кирган. 2018 йил 26 июнь куни соат 12:30ларда Д.Умарова билан унинг уйига тушлик қилиш мақсадида бориб, яширин равишда уй калитини қўлга киритган. 

Шу куни 16:30ларда Д.Умарованинг хонадонида уй эгалари йўқлиги тўғрисида хабар топиб, ўзининг аввалдан тузган режасига асосан ушбу хонадонга келиб муқаддам қўлга киритилган калити билан хонадон эшигини очиб мазкур хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, хонадон балконида турган сейфни очмоқчи бўлган вақтида, мазкур хонадонда яшовчи Д.Умарованинг ўғли А.Тохиров ва қизи А.Тохировалар келиб қолганлиги сабабли, ўз жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охиригача етказа олмасдан, воқеа жойидан қочиб яширинган.

Суд З.Мўминова томонидан содир этилган жиноят ижтимоий хавфлилигига кўра, қасддан содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят ҳисоблаб, З.Мўминова биринчи маротаба мазкур жиноятни содир этганлиги, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, жиноят оқибатида зарар мавжуд эмаслиги, жиноят ишини кўриш пайтида қилмишидан амалда чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги сабабли жиноят ишини тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 169-моддаси 2-қисми “г” банди (фирибгарлик, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса) билан айбланган З.Мўминовага нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан иш юритиш тугатилди.

Ҳукмдан норози тарафлар шикоят ёки протест билдиришга ҳақлилиги тушунтирилди.

Мавзуга оид