Навоийлик марҳум тадбиркор Азамат Холиқов жуда кўп миқдорда фирибгарлик айби бўйича оқланди. Kun.uz апелляция суди ажрими билан танишди.
Тўдакўл иши
Азамат Холиқов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Навоий вилоятида жойлашган Тўдакўл кўли билан боғлиқ.
Тўдакўлдан 2004 йилдан 2018 йилга қадар “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонаси ижара асосида фойдаланиб, балиқчилик билан шуғулланиб келган. Ушбу қўшма корхонанинг ижара муддати 2022 йилда тугаши керак бўлган.
2017 йилда ташкил этилган “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 2018 йил январида кўлни ижарага бериш бўйича қайта тендер ўтказган. Ушбу тендерда “Aqua-Tudakul” ғолиб деб топилиб, уюшма билан 10 йиллик шартнома имзолаган.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 2018 йил апрел ойига келиб, ушбу шартномани бекор қилган ва май ойида қайта тендер ўтказган. Бу сафар тендер ўтказилишидан 20 кун аввал давлат рўйхатидан ўтказилган “Golden Lake Fish” МЧЖ ғолиб деб топилган. Азамат Холиқов ушбу МЧЖ таъсисчиси эди.
Шу тариқа, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг ноқонуний тендери орқали Тўдакўл “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонасидан “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтган. ЖИБ Навоий шаҳар судининг 2022 йил 15 августдаги ҳукмига кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ раҳбари Панжиқул Рўзиқулов тендерга қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб тақдим қилган.
“Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси раҳбари Шавқитдин Жамолов кўлда 30 млрд сўмдан ортиқ етиштирилган балиқ захираси бўлганини, ушбу захира “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтиб кетганини даъво қилиб келади. Кўлда қолиб кетган балиқ захирасига оид судларда унинг “қўли баланд келган”.
Марҳум Азамат Холиқовга қўйилган жуда кўп миқдорда фирибгарлик айби ана шу сумма билан боғлиқ.
Дастлабки суд ҳукми
Марҳум Азамат Холиқов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Навоий шаҳар судида кўриб чиқилган.
Ушбу суднинг 2026 йил 6 февралдаги ҳукми билан марҳум тадбиркор Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 181-1-моддаси (қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш) 1-қисми, 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Марҳум А.Ҳолиқовга жиноят-процессуал қонунчилигига кўра жазо тайинланмаган.









