Жамият | 08:17 / 26.07.2018
15200
2 дақиқада ўқилади

Урганчлик коллеж талабаси Украина ордени билан мукофотланди

Иллюстратив фото

Хоразм вилоятидаги Урганч касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Бобурбек Эгамбердиев “Краина” Бутунукраина фуқаролик ташкилотининг “За Розбудову Украини” (“Украина ривожи учун”) ордени билан тақдирланди.

Эндигина 18 ёшга қадам қўйган Бобурбекнинг тил ўрганиш, илм чўққиларини эгаллашда эришаётган ютуқларига барча тенгдошлари ҳавас қилса арзигулик. У ўтган йил Россия Федерациясида ўтказилган рус тили ва адабиёти бўйича Халқаро олимпиадада номинация ғолиби, жорий йилда Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида ташкил қилинган татар тили ва адабиёти Халқаро олимпиадасида 2-ўрин соҳиби бўлди, деб ёзади “Халқ сўзи” нашри.

Бобурбекнинг хорижий тилларни ўрганиш орқали ёшлар ўртасида халқаро ҳамдўстликни мустаҳкамлаш, илм-фанга қизиқишини кучайтириш бўйича қатор мақолалари хорижий нашрларда чоп этилган.

Ҳамюртимизнинг ижодий изланишлари муносиб эътироф этилиб ўтган йилда Франциянинг “Euro Star-2017” мукофоти соҳиби бўлган эди. Яқинда эса “Краина” Бутунукраина фуқаролик ташкилоти Бобурбек Эгамбердиевни “За Розбудову Украини” ордени билан тақдирлади. Ёш тадқиқотчи ўзбек ва украин тиллари назариясини ўрганиш, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда эришган ютуқлари учун ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди.

Мавзуга оид