Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина дронлари илк бор Омск нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди
Бу Россиядаги энг йирик 11 та бензин ишлаб чиқарувчи заводлардан бири бўлиб, илгари Украина дронларининг унга зарбалари қайд этилмаган.
Украина Қуролли Кучлари Украина давлат чегарасидан қарийб 2500 км узоқликда жойлашган Россиянинг Омск нефтни қайта ишлаш заводига (НҚИЗ) зарба берди. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби хабар қилди.
Қайд этилишича, бу Россиядаги энг йирик 11 та бензин ишлаб чиқарувчи заводлардан бири бўлиб, илгари Украина дронларининг унга зарбалари қайд этилмаган.
Омск НҚИЗ Россиядаги энг йирик қувватли нефтни қайта ишлаш корхонаси бўлиб, унинг қуввати йилига 21 млн тоннадан ошади. Завод кенг турдаги ёқилғи, мой ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаради ва нефтни қайта ишлаш чуқурлиги бўйича мамлакатда энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга - тахминан 99%.
Корхонада АИ-92, АИ-95 ва G-Drive 100 маркали юқори октанли автомобил бензинлари, Евро-5 тоифасидаги дизел ёқилғиси, шунингдек, ТС-1 ва РТ маркали авиация керосини ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, завод бензол, параксилол ва ортоксилол, махсус маҳсулотлар ва мойлар, техник углерод учун хомашё, мотор ва саноат мойлари ишлаб чиқаради. Завод ёқилғиси Россия армиясини таъминлаш учун ишлатилади.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, зарбадан сўнг корхона ҳудудида ёнғин қайд этилган, зарар даражаси аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳа қуввати йилига 8,4 миллион тонна бўлган ЭЛОУ-АВТ-11 нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмаси зарарланган.
Аввалроқ Россиянинг 89 та ҳудудидан камида 88 тасида ёқилғи савдосига чекловлар ва бензин ва дизел таъминотида узилишлар қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Россия ҳукумати буни «логистика муаммолари» билан изоҳлади.