Ўзбекистон | 18:15 / 26.07.2018
4281
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тўқимачилик кластерлари сонини уч бараварга оширади

Фото: УзА

2018 йил охирига келиб, Ўзбекистон тўқимачилик кластерлари сонини уч бараварга оширади, дея маълум қилди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров.

«Жорий йилдан бошлаб тўқимачилик кластерлари лойиҳаларини амалга оширишга киришдик. Бугунги кунда уларнинг сони 15та, 2019 йилга келиб уч бараварга кўпайишини кутмоқдамиз. Шундай қилиб, тўқимачилик соҳасида тажрибамизни қишлоқ хўжалигига олиб чиқамиз - янги технологиялар, инновациялар, агар лозим бўлса, янги бошқарув тизимлари. Биз ушбу лойиҳалар муваффақиятли бўлади, деб ўйлаймиз, ҳамда улар сифатли хом ашёни кафолатлайди», - деди Ҳайдаров Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган инвесторлар билан учрашувда.

Ҳукумат қарорига кўра, 2018 йилда мамлакатда 13та тўқимачилик кластери пайдо бўлиши керак. Ушбу модель пахта хомашёсини етиштириш, дастлабки қайта ишлаш, пахта тозалаш корхоналарида қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган якуний тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ягона ишлаб чиқариш жараёни ташкил этишни назарда тутади.

Кластерлар фермер хўжаликлари билан пахта хом ашёси етиштириш ва етказиб бериш бўйича бевосита контрактация шартномаларини тузади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид