Ўзбекистон | 09:42 / 31.12.2025
1090
3 дақиқада ўқилади

“Корхона–олийгоҳ–илмий ташкилот” кластер тизими жорий этилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни кучайтириш ва илм-фан натижаларини ишлаб чиқаришга тезкор татбиқ этиш мақсадида “корхона–олийгоҳ–илмий ташкилот” ҳамкорлик кластери тизимини жорий этиш назарда тутилган. Лойиҳа доирасида амалий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва олийгоҳлар ҳузурида спин-офф кластерлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасига кўра, иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни кучайтириш ҳамда илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш ва хизматлар бозорига тезроқ олиб чиқиш учун “корхона–олийгоҳ–илмий ташкилот” ҳамкорликка асосланган кластер тизими жорий этилади. Мазкур ёндашув корхоналар эҳтиёжи, олий таълим муассасалари салоҳияти ва илмий ташкилотлар тадқиқот базасини бир нуқтада уйғунлаштириб, иқтисодиётда аниқ муаммолар ечимини тезлаштиришга қаратилган.

Лойиҳада давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган амалий тадқиқот лойиҳалари сонини 1 600 тага етказиш белгиланган. Бу тадқиқотлар, аввало, иқтисодиётнинг “драйвер” тармоқларида маҳсулот ва технологияларни янгилашга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда “драйвер” тармоқларда 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида мавжуд масалаларни ҳал этишга қаратилган жами 400 та амалий тадқиқот лойиҳасини улушли молиялаштириш асосида ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Бу механизм давлат маблағи билан бирга хусусий сектор, тармоқ корхоналари ва бошқа манбалар иштирокини ошириш орқали лойиҳалар самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Кластер тизими доирасида олимларнинг илмий ғоялари ва ишланмаларини иқтисодиёт айланмасига тезроқ киритиш учун олийгоҳлар ҳузурида 8 та спин-офф ишлаб чиқариш кластери ташкил этиш режалаштирилган. Уларнинг фаолияти, асосан, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, энергетика, биотехнология, геология ва металларни қайта ишлаш, машинасозлик ҳамда электроника каби йўналишларни қамраб олиши белгиланган.

Мазкур чоралар амалий тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан боғлаш, янги технология ва маҳсулотларни тезроқ жорий этиш, ҳамкорлик экотизимини шакллантириш ҳамда инновациялар орқали тармоқлар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид