Ўзбекистон | 21:17 / 26.07.2018
4219
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишга келишди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси "Қозоғистонда Ўзбекистон йили" доирасидаги тадбирларни ўтказишда тизимли ишларни амалга оширмоқда, дейилади Қўмита матбуот хизматида. 

26 июль куни RadissonBluHotel меҳмонхонасида «WorkShop – Ипак йўлида туризм» тадбири ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти ҳокимлиги, шунингдек Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг туристик соҳа бизнеси вакиллари иштирок этишди. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Аккулов қозоғистонлик ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди, ўзаро муносабатларнинг мустаҳкамланиши нақадар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади ва B2B музокараларда икки томонга ҳам муваффақият тилади. 

Туркистон вилояти ҳокими Ербол Тасжуреков, ўз навбатида, илиқ қабул учун меҳмонлар номидан ўзбекистонлик ҳамкасбларига миннатдорчилик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичи туристик соҳада ҳам акс этиши кераклигини қайд этди. Бунинг учун давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда хусусий секторни ҳам жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«WorkShop – Ипак йўлида туризм» давомида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилди, янги ва замонавий туристик йўналишларни биргаликда ривожлантириш имкониятларига доир батафсил маълумот тақдим этилди, Ипак йўли бўйлаб аралаш турларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек икки мамлакатнинг туризм соҳасида фаолият юритувчи компаниялари (тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, туристик компаниялар) ўртасида B2B форматидаги учрашувлар ўтказилди. 

Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қатор туристик компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди. Ҳамкорлар икки мамлакатнинг туристик марказлари ва салоҳиятли имкониятларини қамраб олувчи янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишга келишиб олишди. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

 

Мавзуга оид