Жаҳон | 16:49 / 27.07.2018
8073
2 дақиқада ўқилади

Арманистон КХШТ бош котиби ҳибсга олинишини талаб қилди

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

Арманистон Махсус тергов хизмати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби генерал-полковник Юрий Хачатуровга айблов қўйди ва уни ҳибсга олишни талаб қилди. Бу ҳақда Махсус тергов хизмати сайтида хабар берилган.

Хачатуров Арманистон Жиноят кодексининг 300-моддаси («Конституцион тузумни бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда ағдариб ташлаш») 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда. Махсус тергов хизмати КХШТ бош котибига нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чорасини танлаш бўйича судга мурожаат қилди.

26 июль куни Хачатуров 2008 йил 1-2 мартида Ереван шаҳрида содир бўлган ҳамда ўн кишининг ҳалок бўлишига олиб келган оммавий тартибсизликлар бўйича иш доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақирилди. Шу куни Махсус тергов хизмати 1998-2008 йилларда Арманистонни бошқарган собиқ президент Роберт Кочарянни ҳибсга олиш талаби билан судга мурожаат қилди.

2008 йил март ойи бошида Кочарян мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу 2008 йилги сайловларда иштирок этган, аммо мағлуб бўлган Арманистоннинг биринчи президенти Левон Тер-Петросяннинг кўчаларга чиққан тарафдорларини тарқатиб юбориш мақсадида қилинган. Тер-Петросян ва унинг тарафдорлари овозларни қайта санаш талабини қўйганлар. Митинглар расмийлар томонидан бостирилган оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Ҳалок бўлганлар орасида ҳам мухолифат тарафдорлари, ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари бор эди.

Юрий Хачатуров 2008 йилда Арманистон қуролли кучларининг Ереван гарнизонига қўмондонлик қилган ва 1-2 март кунлари намойишларни тарқатиш ишларига раҳбар бўлган. У КХШТ бош котиби лавозимига 2017 йилда тайинланган.

Мавзуга оид