Совуққонлик биологга уч метрли тимсоҳ оғзидан қутулишга ёрдам берди
Денгиз биологи Мелисса Кристина Маркес тимсоҳ оғзидан қандай қутулиб чиққанини айтиб берди. Унинг ҳикояси Jezebel нашрида чоп этилди.
У тимсоҳ ҳужумига Кариб денгизидаги Хардинес-де-ла-Рейна архипелагида акулалар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётганида дуч келган. Уч метрли тимсоҳ у тунда аквалангда сувга шўнғиганида оёғидан тишлаб олган.
«Уларнинг қандай ов қилишларини биламан, шунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам оёғимни қимирлатмасликка қарор қилдим», — дейди у.
Маркес бундай вазиятда ваҳимага тушиш ўлим билан тенглигини биларди.
Йиртқич уни аста тортиб кета бошлаган, у эса ичида шундай ўйлаган: «Яхши, гидрокостюм қонни ташқарига чиқармайди ва тимсоҳ қонни сезмайди. У фақат неопрен таъмини ҳис қилади. Шунда мени қўйиб юборади».
Маркес сув тубидаги тошларга осилиб қолишга уринган, аммо унинг қўли ҳеч нарсага илинмаган. У суратга олиш чоғида фойдаланадиган микрофонга «Мени тишлаб олишди ва тортиб кетишяпти», — деган. Шу лаҳзада тимсоҳ жағларини очган. Маркес эса дарҳол сузиш компенсаторидаги ҳавони чиқариб юборган ва юқорига қараб ўқдек отилган.
«У билан курашмадим. Менимча у: "Бу овқатга ўхшамаяпти. На таъми таниш, на менга қаршилик кўрсатди" деб ўйлаган бўлса керак», — дейди у.
Маркес сув тубидан чиққанидан сўнг унга тиббий ёрдам кўрсатилди. Унинг оёғида тимсоҳнинг иккита тиши чуқур из қолдирганди.
«Хотиржамликни сақлаганим мени қутқариб қолди», — деб ёзган Маркес Twitter саҳифасида ушбу ҳодисадан бир оз вақт ўтиб.
Мавзуга оид
01:00 / 29.09.2024
Таиландда фермер девор қулаши хавфи сабаб 100 дан ортиқ тимсоҳини ўлдиришга мажбур бўлди
07:59 / 07.06.2024
Россия Кариб денгизида ҳарбий машғулотлар ўтказади
20:28 / 04.06.2024
Кариб денгизидаги орол сув остига кетмоқда — унинг аҳолиси эса материкка кўчиб ўтишига тўғри келмоқда
12:00 / 13.10.2022