12 ноябр куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Канаданинг Ниагара минтақасида бўлиб ўтган «Катта Еттилик» – G7 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашди. Музокаралар асосан Украина ва Ғазодаги урушларга қаратилган бўлса-да, айрим иштирокчи мамлакатлар – гиёҳванд моддалар ташиётгани айтилаётган қайиқларга қарши АҚШ зарбалари юзасидан хавотир билдирган.

Reutersʼнинг ёзишича, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро сешанба куни йиғилиш бошида бу зарбалар «халқаро ҳуқуқни бузади» ва Франциянинг минтақадаги ҳудудлари учун ташвиш уйғотади, деган.

G7 тадбири давомида NBC Newsʼга берган интервюсида Европа Иттифоқининг бош дипломати Кая Каллас ҳам АҚШнинг зарбалари ҳеч қандай ҳуқуқий асосларга эга эмаслигини айтиб, бу масалани ҳамкасб вазирлар билан муҳокама қилганини маълум қилди. У, шунингдек, гиёҳванд моддалар контрабандаси жиддий муаммо эканини, шу борадаги халқаро ҳуқуқ қайта кўриб чиқилиши лозимлигини қўшимча қилди.

Канадада тўпланган G7 ТИВ вазирлари / Фото: Reuters

New York Times'нинг ёзишича, тадбирнинг расмий мезбони, Канада ташқи ишлар вазири Анита Ананд мамлакати АҚШга гиёҳвандликка қарши чоралар масаласида ёрдам берганини, бироқ Лотин Америкаси сувларидаги америкаликларнинг ҳаракатларига «алоқаси йўқ»лигини айтди.

У, шунингдек, зарбалар халқаро ҳуқуқни бузган-бузмаганини баҳолашдан тийилди ва буни «АҚШ расмийлари ваколатига кирадиган масала» эканини билдирди.

Шу билан бирга, G7 вазирлари ўз баёнотида «ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига қарши денгиз портлари ва йўлларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликни кучайтириш»га бўлган умумий мажбуриятни қайта тасдиқлади. Лекин Лотин Америкаси сувларида АҚШнинг кучайтирилган ҳарбий кампаниясини алоҳида тилга олмади.

Рубио нима деди?

Канададан кетишидан аввал журналистлар билан гаплашган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио G7 йиғилиши давомида ҳеч ким бу операциялар мавзусини кўтармаганини айтди.