Жаҳон | 11:04 / 04.09.2025
4994
2 дақиқада ўқилади

“Ўз қурбонларини тимсоҳга едирган” — Колумбияда “Эл-Локо” лақабли жиноятчи ушланди

Колумбия ҳукумати жиноий тўдаларга қарши операция вақтида Робинсон Сулуага Аррояни қамоққа олди. У қатор оғир жиноятларда айбланмоқда.

Фото: El Heraldo de Mexico

Колумбияда ўзининг қурбонлари жасадларини тимсоҳга едиргани айтилаётган “Эл Локо” лақабли Робинсон Сулуага Арроя ҳибсга олинди. Бу ҳақда El Heraldo de Mexicoa нашри хабар бермоқда.

“Лос Эспартанос” жиноий тўдаси раҳбарининг ёрдамчиси бўлган “Эл Локо” оғир жиноятларда, хусусан, гиёҳванд моддалар савдоси, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишда айбланмооқда. Аввалроқ унинг тимсоҳи мусодара қилинган. Тергов маълумотларига кўра, у тимсоҳни ўлдирилган одамларнинг жасадлари билан боққан. 

Унинг қамоққа олиниши Колумбиядаги “Шоттас” ва “Эспартанос” тўдаларига қарши операциянинг бир қисми бўлган. 2025 йилнинг ўзида Вале дел Каука департаментида мазкур гуруҳларнинг 140 дан ортиқ аъзоси қўлга олинган. 

InSight Crime маълумотларига кўра, “Шоттас” ва “Эспартанос” бир-бирига рақиб тўдалар бўлиб, улар товламачиликдан келадиган даромадлар, шунингдек, кокаин контрабандаси йўллари устидан назоратга эга чиқиш учун курашиб келади.

Тўдалар ўртасидаги ҳудуд учун кураш “кўринмас чегаралар”нинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Бу эса фуқароларнинг тўдалар назоратидаги ҳудудларда эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид