Жамият | 13:07 / 28.07.2018
15975
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 13 нафар тадбиркорни алдаб келган жиноий гуруҳ иши судга оширилди

Иллюстратив фото/РИА Новости

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан фирибгарлик билан шуғулланиб келган 29 ёшли Т.Ж., 20 ёшли Т.М. ва 21 ёшли М. А.нинг ноқонуний фаолиятига оид тергов-суриштирув ишлари якунига етказилди. Гуруҳнинг тўртинчи аъзосига нисбатан айни вақтда қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тергов жараёнида ушбу шахсларнинг фирибгарликдан ташқари уюшган гуруҳ тузиб зўравонлик ҳамда транспорт воситаларини олиб қочиш билан шуғулланиб келганликлари аниқланди.

Т.М. ҳамда унинг шериклари озиқ-овқат ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларни бир неча ой давомида алдаб келганлар. Хусусан, улар тадбиркорлардан катта пул миқдоридаги турли товар ва маҳсулотларни сотиб бериш учун олганлар. Ишонарли бўлиши учун ҳатто ижарага офис ҳам очилган. Ўзлаштирилган маҳсулотларни ўз баҳосидан арзон нархда сотиб, пулларнинг бир қисмини товар эгасига дастлабки даромад сифатида қайтарганлар. Шу йўл билан янги маҳсулотларни олиш учун энди бошқа тадбиркор олдига борганлар. Бу усул билан жиноий гуруҳ аъзолари 13 нафар тадбиркорни чув туширганлар. Жабр кўрганлардан ҳеч бири ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Сабаби, фирибгарлар вақти-вақти билан уларга пулларининг бир қисмини бериб келганлар. Натижада тадбиркорлар шубҳага бормай, пулларининг қайтарилишини кутиб юраверганлар.

Қилмишлари жазосиз қолаётган жиноий гуруҳ аъзолари кейинчалик ёлғон ва ишончни суиистеъмол қилиш йўлидан оғирроқ жиноятга ҳам қўл ура бошлаганлар. Жумладан, жабрланганлардан бири А.М.ни иш юзасидан учрашувга чақириб, уни зўравонлик билан салонга ўтқазадилар. Жиноятчилардан бири эса машина бошқарувини ўз қўлига олади ва номаълум тарафга йўл оладилар. Йўлда жиноий гуруҳ аъзолари тадбиркор ҳаётига таҳдид қилиб, ундан катта суммадаги маҳсулотларни талаб қилишади. Машина светофорнинг қизил чироғида тўхтайди. М. эса бу фурсатдан унумли фойдаланиб чаққонлик билан автомобилдан тушиб қолади ва жиноятчилардан қочиб кетишга муваффақ бўлади.

М. фурсатни бой бермай бўлиб ўтган воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилади. Транспорт воситасининг олиб қочилганлиги ва содир этилган зўравонлик юзасидан жиноят иш қўзғатилади. Тергов-суриштирув жараёнида Т.М. ва унинг шериклари томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятлари фош этилди. Жиноий гуруҳ томонидан 13 нафар тадбиркорга келтирилган зарар миқдори 400 миллион сўмни ташкил этгани аниқланди.

Айни вақтда мазкур иш судда кўриб чиқилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид