Chilla Fest — 2018’нинг рақам ва тафсилотлардаги акси
2018 йил 29 июлда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этилган биринчи шаҳар фестивали – Chilla Fest–2018 ўтказилди.
2018 йил 30 июль, Тошкент ш. Chilla Fest—2018 бу йилги ёзнинг бош воқеаси бўлди ва Ўзбекистонда шаҳар фестивалларини ўтказиш анъанасига асос солди. Бир вақтнинг ўзида пойтахтнинг бешта боғи (“Локомотив”, Central Park, Абдулла Қодирий номидаги парк, “Анҳор-Локомотив”, Green Park) анъанавий аттракционлар билан бир қаторда қўшимча маърифий-кўнгилочар тадбирлар тақдим этиб, халқ сайллари марказига айланди.
Кун ёрқин ва ажойиб тадбирларга бой бўлди: боғларга ташриф буюрувчилар севимли гуруҳлари қўшиқларига рақс тушдилар, қувноқ эстафеталарда қатнашдилар ва эсдалик мукофотларини ютиб олдилар. Барча ёшдаги меҳмонлар ўз кўнгилларига ёқадиган машғулот топишга муяссар бўлдилар: фестиваль дастуридан кўплаб бепул кўнгилочар ўйинлар – оилавий тимбилдинглардан тортиб, ижодий маҳорат дарсларигача жой олди.
Бир вақтда фестивалда қатнашган барча боғларда Тошкент ҳокими в.в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан телекўприк ўтказилди.
— 2018 йил ёз мавсуми мамлакатимиз шаҳарлари маданияти тарихида янги саҳифани очмоқда. Бу каби тадбирлар ижодиёт аҳли: рассомлар, ҳайкалтарошлар, театр жамоаларини бирлаштиришга хизмат қилади, улар биргаликда шаҳар ижодий салоҳиятини оширадилар. Фестиваллар кичик бизнес ривожланишига туртки беради, савдо ривожига, сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади, шаҳар сервис иқтисодиёти ривожининг муҳим унсури саналади. Бундай фестивалларнинг энг муҳим жиҳати – шаҳар ўзгача кўриниш олади, янада оқкўнгил, инсонлар учун очиқ бўлади. Айнан шу сабабли, сизларнинг фикр ва истакларингизга асосланиб, бу каби тадбирларнинг бутун бошли тақвимини тузишни режалаштиряпмиз, улар шаҳарнинг ҳар бир туманида бўлади,– деди табрик сўзида Тошкент шаҳар ҳокими в.в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Chilla Fest—2018 рақамларда:
- Фестиваль бир вақтда 5 та боғда ўтди;
- 120 дан зиёд аниматорлар болалар кўнглини овлади;
- 170 та бепул кўнгилочар ҳудуд ташкил этилди;
- 200 дан зиёд координаторлар тартибни назорат қилди;
- Chilla Fest—2018 иштирокчи гуруҳлари 300га яқин қўшиқ ижро этдилар;
- Танловлар иштирокчиларига 2000 дан ортиқ мукофотлар топширилди;
- Ижодий маҳорат дарсларида 5000 дан зиёд буюмлар ясалди;
- Фестивалнинг расмий фотосуратчилари томонидан 8000 дан зиёд суратлар яратилди.
— Chilla Fest—2018ни лойиҳалаштирганда биз барча жиҳатларни ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Одамлар оқими ҳаддан ошиб кетишининг олдини олиш ва дам олувчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, кўнгилочар нуқталар парклар ҳудудларида бир текисда тақсимланди. Изчил режалаштириш сабабли биз барча кўнгилочар ҳудудларда тартибни таъминлашга муваффақ бўлдик, бу оммавий тадбирларни ташкиллаштиришда янги сифат даражасига олиб чиқди. Эришилган юқори натижалар Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлардаги фестиваллар ташкилотчилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига ишонамиз,– деб шарҳладилар, Жамоатчилик кенгашининг оммавий тадбирларни ташкиллаштириш қўмитаси вакиллари.
Ёрқин кун худди шундай ёрқин сюрприз билан ниҳоясига етди: якуний мусиқали чиқиш пайтида ҳавога кутилмаганда рангли кукунлар осмон сари сочилди.
Chilla Fest—2018 бўйича фото- ва видеоҳисоботларни Тошкент фестивалларининг расмий сайти – tashfest.uz’дан кўришингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024
Пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
07:29 / 08.07.2024