Футбол клубларини молиявий таъминлашнинг марказлашган тизимини ташкил қилиш таклиф этилди
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида футбол клубларини молиявий таъминлашнинг марказлашган тизимини ташкил қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди.
Ўзбекистонда футболни янада ривожлантириш, футбол клубларида соғлом рақобатни кучайтириш учун уларни молиявий қўллаб-қувватлашни марказлашган тизимга ўтказишни таклиф қиламиз. Ҳеч кимга сир эмас, ўзбек футболини маблағ билан таъминлаш 80-90 фоизга ҳомийлар томонидан амалга оширилади. Лекин ушбу ҳомийлик тўғри тақсимланмаганлиги клублар ўртасида соғлом рақобат бўлишига, қўшимча маблағ ишлаб топишга ҳаракат қилишга тўсқинлик қилади. Яъни, клубларнинг чемпионатимизда эгаллаб турган ўрни аксарият ҳолларда ҳомийларга боғлиқ. Масалан, қайсидир жамоа ҳомийси бой бўлганлиги сабабли доимий чет элда ўқув йиғинларини ўтказса, бошқа бири йиғинларни пойтахтда ўтказишга ҳам зўрға маблағ топади. Клубларнинг молиявий ҳолати ўртасидаги фарқ футболчилар билан шартномалар тузишга ҳам салбий таъсир қилади, дейилади матнда.
“Таклифимиз шундан иборатки, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ёки Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси қошида алоҳида тузилма очиб, республикамиздаги барча ҳомийлардан тушадиган маблағни шу бўлим ҳисоб рақамига тушишини таъминлаш керак”, - дея ёзади петиция муаллифи.
Қайд этилишича, ушбу ҳисоб рақамга тушган маблағ ҳар ой автоматик тарзда бир хил миқдорда Суперлига жамоаларига тақсимланишини таъминлаш керак, шунда ҳамма клубларда бир хил молиявий имконият пайдо бўлади. Бу орқали клубларда қатъий штатлар жадвалини тасдиқлаш орқали футболчилар қўнимсизлигининг олди олинади, клублар ўзларига ажратилаётган маблағни иқтисод қилишга мажбур бўлишади. Ёши катта, келажаги йўқ қиммат футболчилар ўрнига кам маблағ сарфланадиган ёш иқтидорларни олишга мажбур бўлишади. Бундан ташқари, қўшимча маблағ ишлаб топишга ҳаракат қилишади. Катта маблағ сарфлаб фойдасиз легионерлар олиб келиш, ҳомийлар пулини талон-тарож қилиш йўқолади. Клубларнинг молиявий ҳолати ПФЛ ёки ЎФАнинг доимий назоратида бўлади, клубларнинг молиявий жарималари, аъзолик бадаллари ўз вақтида тўланиши кафолатланиб, улар томонидан қилинадиган харажатлар шаффофлиги таъминланади. Қолаверса, мақсадимиз қайсидир вилоят футболини эмас, республикамиз футболини ривожлантириш бўлгани учун барча клубларга бир хил имконият берилиши керак деб ўйлаймиз. Ҳозирги тизим асосида кучли олтиликка кирган жамоага кўпроқ, қолган жамоаларга озроқ маблағ ажратиш орқали интригани, юқори олтиликка бўлган қизиқишни кучайтириш мумкин. Шунда қайсидир жамоа, ҳатто сафар учрашувига бориш учун маблағ топишга қийналаётганда бошқа бир жамоа чет эллардаги йиғинларга катта-катта маблағ сарфлаб, лекин чемпионатда қониқарсиз иштирокининг олди олинади.
“Футбол клубларини молиявий таъминлашнинг марказлашган тизимини ташкил қилиш, Суперлигадаги клубларга бир хил молиявий имконият бериш, клублар сарф-харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, клублар учун ягона штатлар бирлигини тасдиқлаш, иложи бўлса, футболчилар учун алоҳида сайт очиб, улар ҳақида тўлиқ маълумот бўлишини таъминлаш футболимиз ривожланишида муҳим қадам бўлади”, - дея якунланади мурожаат.
Мавзуга оид
19:48 / 10.09.2024
Хитойда 43 футболчи келишилган ўйинлар учун умрбод дисквалификация қилинди
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
20:41 / 21.06.2024