Ўзбекистон | 19:09 / 30.07.2018
6399
3 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ўзбекистон компаниялари ўз пуллари ҳисобидан ривожланишни афзал кўряпти

Фото: iStock

Марказий банк 2018 йил II чораги якуни бўйича сўровнома ўтказди. Унда жами 437 та корхона ва ташкилотлар иштирок этди. Сўровномани ўтказиш жараёнида республика иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзшаробсаноат” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзэлтехсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар ҳамда «Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК каби йирик корхона ва ташкилотлар қамраб олинган.

2018 йилнинг II чораги мобайнида корхона ва ташкилотларнинг инвестицион фаоллиги (ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтириш билан боғлиқ инвестицияларни амалга ошириш) нисбатан суст даражада бўлиб, жами респондентларнинг фақатгина 43 фоизи ҳисобот даврида инвестицион харажатларни амалга оширган. 

Хусусан, корхона ва ташкилотларнинг нефть-газ саноатида 67 фоизида, озиқ-овқат саноатида 52 фоизида, енгил саноатда 49 фоизида, қурилиш материаллари саноатида 45 фоизида, кимё саноатида 42 фоизида, электроэнергетика тармоғида 22 фоизида, транспорт хизмати соҳасида 59 фоизида, қурилиш ишлари соҳасида 48 фоизида ҳамда туризм соҳасида фақатгина 22 фоизида инвестициялар амалга оширилган.

Инвестицияларнинг 34 фоизи бино ва иншоотлар қуриш ҳамда реконструкция қилишга, 53 фоизи ускуналар ва бошқа асосий воситалар харид қилиш ва ўрнатишга йўналтирилган. 

Инвестицияларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад сифатида корхона ва ташкилотларнинг 47 фоизи ишлаб чиқаришни кенгайтириш, 17 фоизи ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда 13 фоизи янги турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўрсатган.

Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 45 фоизи инвестицион харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан, 36 фоизи эса банк кредитлари ҳисобидан молиялаштирганлигини маълум қилган.

Сўровнома натижалари 2018 йилнинг II чораги давомида корхона ва ташкилотларнинг 40 фоизи томонидан тижорат банкларидан кредит маблағлари жалб қилинганлигини кўрсатмоқда. 

Хусусан, корхона ва ташкилотларнинг нефть-газ саноатида 30 фоизи, тоғ-кон саноатида 60 фоизи, кимё саноатида 27 фоизи, қурилиш материаллари саноатида 48 фоизи, озиқ-овқат саноатида 40 фоизи ва енгил саноатда 36 фоизи ҳисобот даврида тижорат банклари кредит маблағларини жалб қилган. 

Респондентларнинг кредит олиш шартлари ва улар билан боғлиқ муаммолар бўйича фикрлари ўрганилганда, уларнинг 37 фоизи ҳисобот даврида кредит олиш шартларининг яхшиланганлигини, 27 фоизи ўзгармаганлигини, 15 фоизи эса талабларнинг кучайганлигини кўрсатиб ўтган.

Шунингдек, сўровнома натижаларига кўра, айланма маблағлар билан таъминланганлик даражасини юқори даражада деб баҳолаган корхона ва ташкилотларнинг улуши 24 фоизни, қониқарли даражада деб баҳолаган респондентларнинг улуши эса 68 фоизни ташкил этди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нархларнинг ошишига нима сабаб бўлгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид