Ўзбекистон | 22:21 / 01.08.2018
92294
3 дақиқада ўқилади

Андижонда тест синовлари: «Уддабурон» абитуриентлар

Бу йил Андижондаги тўртта олий таълим муассасасига 47 минг 760 нафар абитуриент ҳужжат топширган. 1 август санасидан Андижон олимпия захиралари мактаб-интернати манежида тест синовлари жараёни бошланди.

Тест синовлари 12 кун давомида икки сменада ташкил этилиб, бир сменада 2 минг 40 нафардан абитуриент иштирок этиши кўзда тутилган.   

 Илк кунда Андижон Тиббиёт институтининг “Даволаш иши” ҳамда “Фармация иши” йўналишларига тест синовлари бўлиб ўтди.

Андижон олимпия захиралари мактаб-интернатида тест синовларини ўтказиш учун барча ташкилий ишларга масъулият билан ёндашилган. Жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган кузатув камералари узликсиз ишлаб турди ва ота-оналар ташқарида ўрнатилган катта экранда тест синовларини кўриб боришди.

Бугунги бўлиб ўтган жараён билан танишиш мобайнида, абитуриентлар томонидан тақиқланган адабиёт, “шпаргалка” ва техник воситаларни аудиторияга олиб киришга уринишларга ҳам гувоҳ бўлдик.    

Наманганлик абитуриент қиз смартфонни кийими ичида олиб киришга уринган бўлса, андижонлик “уддабурон” йигит - жудаям жажжи, қулоқнинг ичига ўрнатиладиган алоқа воситаси (уни “чип” дея аташар экан) ва унга масофа орқали хабар узатувчи мослама билан кузатувчиларга “чап бериб” бинога кирмоқчи ҳам бўлди. Бироқ ички ишлар ходимлари меҳнати эвазига билим эмас, балки айёрлик қилиб, талаба бўлишни ўйлаганлар ниятига етолмади.

Синовларни топшириб чиққан абитуриент йигит-қизлар ҳеч қандай нохуш ҳолатлар кузатилмаганини айтишди.      

                                                        Элмурод Эрматов, Андижон
                                                         KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид