Жамият | 22:03 / 01.08.2018
34295
7 дақиқада ўқилади

Андижондаги  кўп қаватли уйдаги хонадон эгалари нимадан норози?

KUN.UZ таҳририятига Андижон шаҳри марказидаги Бобуршоҳ кўчасидан мурожаат келиб тушди.

Яшовчилари арзнома жўнатган 55-кўпқаватли уй “Озодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида. 30 нафар хонадон аъзоси имзо чеккан мурожаатда кўп қаватли уйнинг ҳовлисида аҳоли розилигисиз икки қаватли бино қурилиши бошлангани ҳақида ёзилган.

Кўп қаватли уйда истиқомат қилувчиларнинг билдиришича, шаҳар марказидаги мазкур маҳаллада “Обод маҳалла” дастури бўйича кўча ва йўлаклар, ҳар бир уй таъмирдан чиқарилиб, чиройли ҳолатга келтириш тадбирлари бошланадиган бўлибди. Қандай яхши, тўғрими? Аҳоли бу янгиликни қувонч билан қабул қилган.

Шундан сўнг, кўп қаватли уй ҳовлисидаги автогаражлар, кўп йиллардан бери бир том тагида яшовчи оила аъзоларининг тўй ва бошқа маросимларини ўтказиб келаётган “навес” бузилади. Бу ҳолатни ҳам тўғри тушунишди. Сабаби, булар ҳам ноқонуний қурилмалар эди, ҳисоб. Мутасаддилар аҳолига уларнинг ўрнида - болалар майдончаси, автогараж, аҳоли учун керакли иншоотлар қурилишини айтишади.

Халқ тили билан айтганда “дом”нинг ҳовлисида бино қурилиши бошланади. Аҳоли шаҳар ҳокимлиги томонидан қурилажак бинода - профилактика инспектори хонаси, маҳалла фуқаролар йиғини учун хоналар, чевархона бунёд этилиши ҳақида огоҳлантирилган. Қолган жойларга эса аҳоли дам олиши учун ўриндиқлар ўрнатиладиган бўлади.

Бироқ ҳовлига тушаётган бинонинг икки қаватлиги, узунлиги 60 метр, эни 6,5 метрлиги аҳолини ташвишга сола бошлади. Чунки, мутасаддилар ваъда қилган болалар майдончаси ва автомобиллар тураржойи учун ҳовлида жой қолмайди, ҳисоб.

Ғалвалар марказида қолган 55-уйга бориб, яшовчиларнинг дардини эшитамиз.

“Ҳар бир оилада, тўрт-бештадан бола бор. Энди уйимиз ҳовлисига тадбиркор икки қаватли бино қуряпти. Шаҳарсозлик ва архитектура меъёрларига тўғри келмаса ҳам шаҳар ҳокими Қарор чиқариб берибди. Қарангки, аҳоли вакиллари нимадир қурса: “Фавқулодда ҳолатлар ва ёнғин хавфсизлигига тўғри келмайди”,-деб бузишади. Тадбиркорнинг қураётган биноси ҳам умуман меъёрлардан йироқ-ку?  Биз мутасаддилар ваъдасига ишониб, уйимизнинг атрофи ҳам обод бўлади, деб ўйлабмиз?”, - дейди 18 хонадонда яшовчи Дилфуза Каримова.  

55-уйда истиқомат қилувчи бошқа хонадон вакиллари ҳам худди шундай фикрда экан. Муаммоларни қоғозга тушириб, турли идораларга мурожаат қилишибди.

“Дом” истиқомат қилувчилар шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг иқтисодиёт коллежида бўладиган қабулига кириб, қурилиш ким томонидан берилган қарорга асосан бўлаётганини суриштиришган. Шаҳар ҳокими, маҳаллада барча ишлар “Обод маҳалла” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётганини, қурилаётган бинолар мажмуаси гузар эканлиги унда турли маиший объектлар ва ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилишини айтган.

Хонадон эгалари эса, бино “дом” олдини тор қилиб қўяётгани, болалар майдончаси, дам олиш учун ўриндиқлар, автотураргоҳ бўлмаслигидан норози. Уларнинг фикрича, уч қаватли уйнинг олдига тушадиган икки қаватли мажмуадаги маиший хизмат объектлари аҳоли учун қулайлик эмас, балки ноқулайлик туғдиради. Уй шаҳар марказида бўлганлиги учун озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, чеварчилик устахонаси катта муаммо эмас. 

Қурилиш ким томонидан амалга оширилмоқда?

55-уй ёнига “Шедевр премиум” жамияти шаҳар ҳокимининг 20.07.2018 сана билан чиқарилган №790 Қарорига асосан мажмуа қурмоқда. Қарорда бўш турган майдонга замонавий лойиҳалар асосида икки қаватли бино қурилиши, 1- қаватида “Озодлик” МФЙ учун маъмурий идора, ички ишлар профилактика инспектори хонаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, нонвойхона, қандолат ишлаб чиқариш цехи, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси ва 2-қаватда тикувчилик ишлаб чиқариш цехидан иборат маҳалла гузари қуриш лойиҳа-сметасини тайёрлаш белгиланган.   

“Маҳалланинг умумий йиғилиши бўлиб ўтганида, аҳоли вакилларидан ҳеч ким қурилишга норози бўлмаган эди. Жамиятимиз бу ерда гузар барпо қилиб, қўшимча иш ўринларини яратишни мақсад қилган. Мажмуанинг биринчи қаватини битказганимиздан сўнг эса монелик қилиш бошланди”, -дейди жамият раҳбари Отабек Юлдашев.

Тадбиркор бизга қурилишни бошлаш учун кўпқаватли уйдаги хонадон эгаларининг кам қисмидан олинган “Розилик хати”ни кўрсатди.

55- уйда яшовчилар эса тадбиркорга “Огоҳлантириш хати” билан ҳам чиқишибди. Унда қурилиш ишлари аҳоли розилигисиз бошлангани, қурилиш ишлари архитектура меъёрларига тўғри келмаслигини билдиришган.

Хулоса ўрнида..

Кўпқаватли уйда яшовчи хонадон эгалари ҳамда мутасаддиларни фикрини тарозига солишга ҳаракат қилдик.

Аҳоли уй олдида очиқ майдон қолмаётганидан норизо. Сабаби, “дом”да ёш оилалар яшайди ва ҳар бир оилада болажонлар бор. Уларга майдонча зарур. Кўпчиликнинг автоулови бор ва уларга “гараж” керак.

Шаҳар ҳокимлиги гузар қуриб, аҳолини иш билан бандлигини ҳам таъминламоқчи. Тадбиркорнинг қўлида қарор бор.

Аҳоли кўпқаватли уйга яқин ҳолда қурилаётган 60 метрлик бинони Ўзбекистон Республикаси Архитектура норматив ҳужжатларига зид равишда бунёд этилаётганини таъкидламоқда. Улар, туманлараро фуқаролик судига - бинони қурилишини тўхтатиш ва шаҳар ҳокими қарорини бекор қилиш бўйича ариза билан мурожаат қилишяпти.

Шаҳар ҳокимлиги мажмуа қураётган “Шедевр премиум” жамияти ва аҳоли ўртасидаги низони ҳал қилиш бўйича иш олиб бориши зарур. Агар, ҳақиқатан қурилиш меъёрлари бузилаётган бўлса, тадбиркор қурилишга катта маблағ сарфлаб улгурмасдан уни тўхтатишга уриниши ёки қурилиш майдонини қисқартириб, аҳоли талабларига мос равишда автотураргоҳ ва болалар майдончаси қуриш масаласини тезкор равишда кўриб чиқиши лозим.

55-уй муаммоси масаласи очиқ қолади ва биз мазкур мавзуга албатта яна қайтамиз...     

Ўз мухбиримиз

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид