Ўзбекистон | 19:32 / 01.08.2018
8043
6 дақиқада ўқилади

Банк-молия академияси тингловчиси қандай ҳолларда ўқишдан четлатилиши мумкин?

Фото: Банк-молия академияси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, магистратурага кириш тест синовлари ва суҳбат шаклида, номзодларнинг танловига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилида амалга оширилади.

Магистратурага тингловчилар мутахассисликлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул квоталарига мувофиқ давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Магистратурага номзодлар олий маълумотга эга бўлган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналари ҳамда бошқа ташкилотларда камида бош мутахассис ёки унга тенглаштирилган лавозимда ишлаб турган, ёши 40 (қирқ) дан ошмаган шахслар орасидан танлов асосида қабул қилинади.

Магистратурага ҳужжат топшираётган вақтида номзодлар тавсия этаётган вазирликлар ва бошқа ташкилотларда камида 2 (икки) йиллик меҳнат стажига эга бўлишлари лозим.

Магистратурага тингловчиларни қабул қилиш уч босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич - бевосита кадрлар буюртмачиларининг ўзида, вазирликлар ва бошқа ташкилотларда, бошқарув лавозими захирасида турган шахслар орасидан магистратурада ўқишга номзодларни ўрганиш ва суҳбат орқали танлаб олиш;

иккинчи босқич - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган “Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик”, “Мутахассислик фани” ва “Амалий инглиз тили” фанлари бўйича ўтказиладиган тест синовлари;

учинчи босқич - Давлат тест маркази томонидан ташкил этилган кириш тест синовлари натижалари ҳамда магистратурада ўқитишнинг таълим шакллари бўйича ажратилган қабул квоталарига мувофиқ тингловчиларни Академияга қабул қилиш натижаларини эълон қилиш.

Магистратурага кириш учун Қабул комиссиясига номзодлар куйидаги ҳужжатларни ҳар йили 1 июлдан 30 июлга қадар тақдим этадилар:

идоравий комиссия қароридан кўчирма;
мутахассислиги кўрсатилган ҳолда Академия томонидан белгиланган шаклдаги ариза;
олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асли (ёки дипломдан кўчирма - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илованинг асли;
номзоднинг иш жойидан тавсифнома;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 та рангли фотосурат;
ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа;
086-шаклдаги тиббий маълумотнома;
меҳнат дафтарчасидан нусха;
Қабул комиссиясига асл нусхаларини кўрсатган ҳолда паспорт ва ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси.

Магистратурага кириш тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 20 августда ўтказилади.

Академиянинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларига тингловчилар олий маълумотли ҳамда танлаган мутахассислиги бўйича камида икки йиллик меҳнат стажига эта бўлган вазирлик ва бошқа ташкилотлар ходимлари таркибидан қабул қилинади.

Бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малакаси Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар (буюртмачилар) билан тузилган тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида магистратура тингловчиларининг ўқишини кўчириш, уларни ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, академияда ўқув режалари ва дастурларининг даврий янгиланишини эътиборга олинган ҳолда ўқишдан четлатилганидан кейин 5 (беш) йилдан ортиқ вақт ўтган шахсларнинг ўқишга қайта тиклаш бўйича аризалари кўриб чиқилмайди.

Якуний давлат аттестацияси натижаларига кўра ўқишдан четлатилган Академия тингловчилари навбатдаги 3 (уч) ўқув йили давомида якуний давлат аттестациясидан қайта ўтишларига фақат бир маротаба рухсат этилади.

Академияда тингловчилар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш, жумладан, фанлар орасидаги фарқларни қайта ўзлаштириш ва топшириш жараёни бепул амалга оширилади.

Академияда тингловчиларни бошқа мутахассисликка ўқишини кўчириш ўқув йили (семестри) бошлангунига қадар амалга оширилади. Тингловчилар ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш учун ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар ва баҳорги семестрга қайта тиклаш учун ҳар йили 5 декабрдан 30 декабрга қадар амалга оширилади. Биринчи курсда тингловчилар ўқишини кўчириш ёки биринчи курсга ўқишга қайта тиклаш (тингловчига касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан мустасно) тақиқланади.

Академия тингловчиси қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлатилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
белгиланган муддатда академик қарздорликни бартараф этмаганлиги сабабли;
Академия ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 (етмиш тўрт) соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
ўқиш учун белгиланган шартномада кўрсатилган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
вафот этганлиги сабабли.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига кўра, қуйидаги ҳужжатлар давлат талаблари асосида тегишли буюртмачилар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади:

мутахассисликлар бўйича ўқув режаси ва ўқув режасидаги фанлар бўйича ўқув дастурлари;
умумий ва мавзули малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари.

Давлат талаблари бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида Академиянинг таълим фаолиятини ташкилий, илмий-методик таъминлаш учун қўлланилади ҳамда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг:

асосий турлари ва шаклларини;
мазмуни ва сифатига қўйиладиган асосий талабларни;
ўқув юкламаси ҳажмини;
таълим сифатини назорат қилиш, баҳолаш тартиби ҳамда амалга ошириш механизмларини белгилайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид