Жаҳон | 23:00 / 01.08.2018
12209
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: «Ўлим жазосини тиклаш ҳақидаги қарорни ўйланиб ўтирмасдан имзолайман»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳаккари вилоятида содир этилган террорчилик акти натижасида ҳалок бўлган 25 ёшли турк аёли Нуржон Қорақоя ва унинг 11 ойлик ўғли Мустафо Бедирхон Қорақоянинг дафн маросимида иштирок этиш учун Сивас вилоятига келди, деб хабар беради Анадўлу агентлиги.

Президент қонли теракт қурбонларига айланган марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор этди.

Фото: Anadolu Agency

Дафн маросими иштирокчилари олдида чиқиш қилар экан, Туркия президенти ўлим жазосини қайта тиклашга тайёр эканлиги ҳақида баёнот берган

«Агар қарор парламент аъзолари томонидан тасдиқланса ва менга имзолаш учун жўнатилса мен ўйланиб ўтирмасдан унга имзо чекаман», — деди Эрдўған, Курдистон ишчи партияси террорчилари ҳали ўз жиноятлари учун жавоб беришини таъкидлар экан.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, теракт натижасида гўдакнинг ўлдирилиши КИП террорчиларининг асл башарасини яна бир бор кўрсатиб қўйган.

Фото: Anadolu Agency

Террорчилар томонидан йўл четига ўрнатилган портловчи қурилма турк зобити оиласи кетаётган машина ўтаётган пайтда ишга тушган. Унинг аёли воқеа жойида ҳалок бўлган. Чақалоқни эса Юксакова давлат шифохонасига олиб боришган, бироқ врачлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган.

КИП террорчилари илк марта 1984 йилда бўй кўрсатишган. Кейинги йилларда Туркияни саросимага солиш ва вазиятни беқарорлаштириш учун қонли терактлар уюштириб келишган. АҚШ ва Европа Иттифоқи КИПни террорчи ташкилотлар рўйхатига қўшишган.

Анқаранинг пайдо бўлган вазиятни тартибга солишга бўлган саъй-ҳаракатларига қарамасдан, КИП 2015 йилдан буён қуролли ҳужумларни яна қайтадан бошлаган. Шу вақтдан буён 500 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ва 800 дан зиёд хавфсизлик кучлари ходимлари ўлдирилган. Хавфсизлик кучларининг махсус операциялари давомида КИПнинг 10 мингдан ортиқ террорчилари йўқ қилинган ва қўлга олинган.

Мавзуга оид