Ўзбекистон | 12:49 / 01.08.2018
15365
3 дақиқада ўқилади

Кичик ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш марказининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди

30 июль куни Мудофаа вазирлиги қошидаги Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида биринчи битирув маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги раҳбарияти, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобулов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раиси Абдулло Асланов иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, 3 ойлик курс давомида таҳсил олган курсантларнинг 75 нафарига «Катта сержант», 73 нафарига «Сержант» ҳарбий унвонлари, шунингдек, 198 нафар битирувчига малака оширганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, у Қуролли Кучлар қўшинлари таркибига кирувчи Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия қўшинларининг кичик командирларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун мўлжалланган.

Шунингдек, мазкур фармон билан Чирчиқ, Самарқанд, Қарши, Урганч, Наманган шаҳарларида жойлашган Мудофаа вазирлиги тизимидаги сержантлар тайёрлаш мактаблари ўз фаолиятини тўхтатилди.

Марказ Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўрнида ташкил этилган.

Аввалги сержантлар тайёрлаш мактабларида асосий эътибор кичик командирлар тайёрлашга қаратилган бўлса, бу ерда ушбу вазифа билан бирга, сержантлар малакасини ошириш ҳам йўлга қўйилган. Яъни марказда мутахассислик бўйича тайёргарлик курси, сержантлар таркибини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курслари ташкил этилган. 

Марказда алоҳида муҳандислик, алоқа, зирҳли танк хизмати, артиллерия, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа сингари 11 мутахассислик бўйича кичик мутахассислар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Мавзуга оид