Шу йилнинг 16 мартида давлат раҳбари чорвачиликда хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида ПҚ-2841-сонли қарорини имзолади. “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб, шунингдек, чорвадорлик қишлоқ хўжалиги кооперативлари(ширкатлари)ни — фермер хўжаликлари этиб қайта ташкил қилиш маъқулланган эди.

Хўш, қарорнинг ушбу талаби жойларда қандай ижро этилди? Буни Президент қарорининг 1-иловасида қайд этилган Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги “Сармиш” ширкат хўжалиги мисолида таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Мазкур қарорга мувофиқ “Қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низом ҳам тасдиқланган. Ширкатларни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлари сифатида қайта ташкил этиш тартиби мазкур низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим эди.

Бироқ, таҳририятимизга мурожаат йўллаган тадбиркор-фермерлар “Сармиш” қоракўлчилик ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантиришда низом талаблари қўпол равишда бузилганлигини баён этишган.

Биз мазкур ишни жойида ўрганиш мақсадида Навоий вилоятига сафар қилиб, Навбаҳор туманида “Сармиш” қоракўлчилик ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантиришни ташкил этиш бўйича Комиссиянинг собиқ раиси, Навбаҳор туман ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Телман Адизов билан учрашдик.

Ҳамсуҳбатимизнинг қайд этишича, “Сармиш”ни фермер хўжаликларига айлантириш ва бунда тадбиркорларни фаол жалб қилиш мақсадида ўтказилган илк аукциондан сўнг машмашалар бошланган. Унинг таъкидлашича, суд биринчи ким ошди савдоси натижаларини бекор қилган.

Гап шундаки, айрим манфаатдор шахслар қоғозда “Сармиш” балансида ҳақиқатда бўлмаган рақамларни шакллантириш учун чўпонларга ёлғон гапириб, сизларга ер берилади, қўй-эчкиларингиз билан ширкат таркибига пай улуши билан аъзо бўлинглар, деган таклиф билдирган, табиийки, улар бу таклифни бажонудил қабул қилишган. Бироқ юқорига ҳисобот беришда чўпонлар пай улуши билан кирган ҳолатлари яширилган. Ким ошди савдоларидан кейин эса, чўпонлар қўй-эчкилари бировларнинг ихтиёрига ўтиб кетаётгани, пул уларнинг чўнтагига эмас, ҳокимлик ихтиёрига ўтаётганини англаб етганларидан кейин судга мурожаат қилишган ва суд маҳкамаси аукцион савдоси натижасини бекор қилган.