Ўзбекистон | 14:44 / 01.08.2018
33745
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари бўйича қарор қабул қилди

Фото: xdp.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, давлат-хусусий шерикчиликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакли асосида ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти учун лицензия олиш талаб этилмайди;

12 нафаргача болани тарбиялашни назарда тутувчи оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шаклидаги давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаси қишлоқ жойдаги хусусий шерикнинг ташаббуси билан, танлов ўтказилмай ва тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида, улар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади;

давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида битим туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан таклиф этиладиган рухсат хусусий шерик томонидан қабул қилинган кундан бошлаб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кучга киради.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари тўғрисидаги низомга кўра, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фақат давлат-хусусий шерикчиликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий- техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакли асосида қишлоқ жойларда ташкил этилади.

Қуйидагилар оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг мақсади ҳисобланади:

мактабгача ёшдаги болаларни (кейинги ўринларда болалар деб аталади) ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;
таълим-тарбия бериш орқали болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш;
болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш.

Қуйидагилар оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;
болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;
бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш;
болаларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш; 
болаларда халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғуларини шакллантириш.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари:

ота-оналар билан келишув бўйича қўшимча хизматлар кўрсатиш (шу жумладан ўқитувчилар, мураббийлар, тиббиёт ходимларини таклиф қилиш);
хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобига тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишини қўшимча равишда рағбатлантириш;
фойда олиш ҳуқуқига эга.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бериладиган белгиланган шаклдаги рухсатномани қабул қилиб олган вақтдан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эта бўлади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасининг муассислари якка тартибдаги тадбиркор бўлади. 

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 7-12 нафар болаларга тарбия берилишига йўл қўйилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасининг иш тартиби ва болаларнинг муассасада бўлиш вақти ота-оналарнинг истак ва талабларидан келиб чиқиб муассис томонидан белгиланади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасида 5 кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги кунлик иш тартиби жорий этилади:

9 соатли;
4 соатли.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси жойлашган ҳудудда яшайдиган аҳоли талабларидан келиб чиқиб, нодавлат мактабгача таълим муассасасида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳам жорий этилиши мумкин.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан катьи назар, тегишли тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш ва муассасадан чиқариш тартиби оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасининг қарори билан амалга оширилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасидаги болалар сони 7 нафардан кам бўлмаслиги ва 12 нафардан ошмаслиги лозим.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасида ўкув йили жорий йилнинг 2 сентябридан бошланади ва кейинги йилнинг 1 июнига кадар давом этади. 1 июндан 1 сентябргача бўлган давр муассасада соғломлаштириш даври ҳисобланади.

Мавзуга оид