Иқтисодиёт | 12:25 / 01.08.2018
10489
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий банки иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашгани ҳақида хабар берди

Фото: Pinterest

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 4,9%га ўсди, бу ўсиш суръатининг бироз пасайганини кўрсатмоқда, дейилади Марказий банкининг пул-кредит сиёсати шарҳида.

«2018 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича статистик маълумотлар иқтисодиёт ўсиши ижобий динамикаси сақланиб қолаётганлигидан далолат беради. Шунга қарамай, 2018 йил январь-март ойларида иқтисодиётнинг 5,1%лик реал ўсишидан сўнг, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 4,9%ни ташкил этди. Бу 2018 йилнинг иккинчи чорагида иқтисодиёт ўсиш суръатлари бироз пасайганидан далолат бермоқда», - дея қайд этилади МБ шарҳида.

МБ маълумотларига кўра, йил бошидан буён капитал қўйилмаларнинг ҳажми 13,4 фоизга ўсди. Шу билан бирга, асосий ўсиш биринчи чоракда содир бўлди. Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида тадбиркорлик, иқтисодиётнинг алоҳида секторлари ва минтақаларни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга қўшимча туртки бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Марказий банкдан таъкидлашларича, мақсадли ривожланиш дастурларини амалга ошириш самарадорлиги ва сифати ўрта ҳамда узоқ муддатли истиқболда ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва нарх барқарорлигини таъминлашга боғлиқ.

Мавзуга оид