Ўзбекистон | 11:30 / 01.08.2018
4082
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тиббиёт концепциясини яратишда ЖССТ экспертлари иштирок этяпти

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор. Шу боис сўнгги йилларда тизимни ислоҳ этиш борасида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, улар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентнинг 2018 йил 10 майда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида ҳам соҳада ўз ечимини кутаётган устувор вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.

Шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлигида етук олимлар ва соҳанинг тажрибали мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган Концепция лойиҳаси доирасида дунёнинг тиббиёти тараққий этган мамлакатлар тажрибасини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг нуфузли делегацияси мамлакатимизга таклиф этилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси етакчи эксперти Мелитта Якаб бошчилигида делегация мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама ўрганиб, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган Концепция лойиҳаси юзасидан таклифлар тайёрламоқда. Бундан ташқари, халқаро экспертлар ташриф доирасида пойтахтимиздаги кўплаб тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни билан бевосита танишиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, бир қатор вазирлик ҳамда идораларда мутахассислар билан учрашувлар ўтказмоқда. 

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва делегация экспертлари ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда тизимни тубдан такомиллаштиришга қаратилган Концепция лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар ўртага ташланди. Шунингдек, хориж мамлакатларидаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, шу асосда тиббиёт соҳаси тараққиётини янги босқичга кўтариш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Мулоқотда Ўзбекистон тиббиёт тизимида оқилона стратегия ҳамда устувор йўналишлар белгилаб олинаётгани эътироф этилган ҳолда ушбу тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида шу йил ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесуснинг ташрифи кутилаётгани ҳам маълум қилинди. 

– Биз юртингизга ушбу Концепцияни ҳамкорликда тайёрлаш учун келганмиз, – дейди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси етакчи эксперти Мелитта Якаб. – Эътиборли жиҳати, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон тиббиётда танлаган ўз стратегияси билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фаол аъзосига айланди. Бундан буён ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга тайёрмиз.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда фаол иш олиб бораётган мазкур халқаро делегация ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ривожлантиришга қаратилган тақдимот ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Мавзуга оид