Спорт | 19:25 / 01.08.2018
3336
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик чавандоз Россиядаги гран-прида бронза медалини қўлга киритди

Фото: МОҚ ахборот хизмати

От спортининг конкур йўналиши бўйича «Россия от спорти федерацияси Кубоги» чавандозларимизга яна бир медални тақдим этди. Мусобақада иштирок этиш учун Голландиядаги ўқув-машғулот йиғинларидан етиб келган Оқил Собиржонов Гран-Прида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақада Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон ва яна бошқа бир қатор мамлакатлардан чавандозлар иштирок этишди. Оқил Собиржонов беллашувларда барча тўсиқларидан хатоларсиз ўтди ва терма жамоамиз ҳисобига медаль қўшиб қўйди.

Оқил Собиржонов конкур бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бошқа аъзолари билан Нидерландияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, жаҳоннинг кўзга кўринган мутахассисларидан конкур сир-асрорларини ўрганаётган эди. У ерда терма жамоа аъзолари яна бир неча кундан сўнг Жакартада старт оладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришмоқда.

Ўқув-машғулот йиғинлари доирасида бир қатор нуфузли мусобақалар ўтказилиши ва уларда чавандозларимиз иштирок этиши режалаштирилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид