Ўзбекистон | 13:55 / 02.08.2018
37384
4 дақиқада ўқилади

Собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг «кучсиз» паспортлардан бири Ўзбекистон фуқаролариники — Deutsche Welle

Ёз фасли — таътиллар давридир. Deutsche Welle собиқ СССР республикалари фуқаролик паспортларини солиштириб, бошқа мамлакатларга визасиз кириш учун улардан қай бири энг афзал эканлигини аниқлади.

Россия фуқаролари учун виза талаб қилинмайдиган давлатлар ичида улар бориб, дам олишни севадиган Туркия ва Исроил каби давлатлар бор. 2017 йилнинг февралидан россияликлар учун амалда визасиз давлатлар рўйхати Бирлашган Араб Амирликлари билан тўлди. Энди Россия фуқаролари Форс кўрфази соҳилларга дам олиш учун йўл олиб, самолётдан тушиши билан мамлакатга киришни текин расмийлаштиришлари мумкин.

Лекин Европа қитъаси давлатлари орасидан россияликлар учун танлов у қадар катта эмас: Агар қўшни Украина ва Беларусь ҳисобга олинмаса, улар визасиз фақат Албания, Босния ва Ҳерцеговина, Македония, Молдавия, Черногория ва Сербияга боришлари мумкин, холос. 

Россия паспорти соҳибларига Европа бўйлаб текинга сайр қилиш борасида айрим собиқ иттифоқ давлатларига нисбатан омад камроқ кулиб боққан, масалан Украина фуқаролари визасиз 128 та давлатга боришлари мумкин. Украиналиклар учун бу рўйхат ўтган йилнинг июнида ЕИ билан визасиз режим жорий этилганидан сўнг кескин кенгайди. Энди биометрик паспортга эга украиналиклар Европа иттифоқининг 28та давлатидан 26тасига визасиз боришлари мумкин. Фақатгина Буюк Британия ва Ирландияга кириш учун виза расмийлаштирилади.

Молдованинг визасиз давлатлар рўйхати Украинаникидан пича калтароқ — мазкур давлатда 2014 йилнинг апрелида МДҲга аъзо давлатлар ичида энг биринчи бўлиб Европа иттифоқи билан визасиз режим ишлай бошлаган. Айни пайтда молдоваликлар 121 та давлатга визасиз кира олишади. 2017 йилнинг мартидан бошлаб ЕИга визасиз кириш «бахти»га муяссар бўлган Гуржистон Россиядан бирозгина ортда бормоқда. Унинг визасиз давлатлар рўйхати 112 та мамлакатни қамраб олади.

Собиқ иттифоқ ҳудудида жаҳон бўйлаб саёҳат қилиш учун энг афзал паспорт эгалари Латвия ва Литва фуқароларидир, уларнинг ҳар иккисида умргузаронлик қилувчилар 179 давлатга визасиз кира оладилар. Эстониянинг кўрсаткичи фақат битта давлатга камроқ: унинг фуқаролари 178та давлатга ортиқча ташвишларсиз бора олишади.

Болтиқбўйи давлатларининг учаласи ҳам аъзо бўлган Европа Иттифоқидан ташқари Латвия, Литва ва Эстония фуқаролари масалан Швейцария, Норвегия, Япония ва Канадага ҳам визасиз бора олишади. АҚШга кириш улар учун фақат электрон рухсатнома расмийлаштириш орқали амалга оширилади. Россияга кириш учун литвалик, латвиялик ва эстонлар учун виза расмийлаштириш керак бўлади.

Иттифоқдош собиқ 15 республикалардан энг «кучсиз» паспортлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқароларига тегишли. Улардан жаҳоннинг кўплаб давлатларига боришлари учун виза расмийлаштириш талаб этилади. Визасиз режим мос равишда 59, 58 ва 53 давлат билан амал қилади, холос.

Беларусь собиқ иттифоқ ҳудудида энг яхши ва энг ёмон паспортлар рўйхатининг қоқ ўртасидан жой олган. Бу давлат фуқаролари 77 давлатга визасиз киришлари мумкин. Дарвоқе, Беларусь собиқ иттифоқ давлатлари ичида фуқаролари Хитойга визасиз кира олишлари мумкин бўлган ягона давлат ҳисобланади.

Мавзуга оид