Космик даврнинг бошланиши
Замонавий космик пойга 1957 йилда Совет Иттифоқи томонидан дунёдаги биринчи сунъий йўлдош — «Спутник-1»нинг учирилиши билан бошланган. Бу воқеа инсониятнинг космосни ўзлаштириш тарихида янги босқични очиб берди.
Кейинги ўн йилликлар давомида СССР космик учиришлар сони бўйича дунёда етакчилик қилди. Масалан, 1969 йилда АҚШ «Аполлон-11» миссияси орқали инсонни Ойга қўндирган бўлса-да, ўша йилнинг ўзида СССР 82 та космик учиришни амалга оширган. АҚШда эса бу кўрсаткич 41 тани ташкил этган.
Совет Иттифоқининг энг юқори натижаси 1982 йилда қайд этилди. Ўша йили СССР 108 та ракета учирган бўлса, АҚШ фақат 18 та учиришни амалга оширган.

СССР парчаланганидан кейинги давр
1991 йилда Совет Иттифоқи парчалангач, Россиянинг космик дастурлари жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келди. Натижада космик учиришлар сони кескин камайди.
Шу билан бир вақтда АҚШ мавқеини мустаҳкамлай бошлади. Янги аср бошларида яна бир муҳим иштирокчи — Хитой космик пойгага фаол қўшилди. Агар 2000 йилда Хитой йил давомида атиги 5 та учиришни амалга оширган бўлса, 2010 йилга келиб бу рақам 15 тага етди.
SpaceX космик соҳани ўзгартирди
Мутахассислар фикрича, космик соҳадаги янги давр тахминан 2016 йилдан бошланган. Бу жараёнда асосий ролни қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракеталар ва хусусий космик компаниялар ўйнади.
Айниқса, Илон Маск асос солган SpaceX компанияси соҳада инқилоб қилди. Компаниянинг қайта қўна оладиган ракета технологияси космосга юк етказиш харажатларини сезиларли даражада камайтирди.
Натижада космик иқтисодиёт ҳажми қарийб 600 миллиард долларга етди.









