Ўзбекистон | 15:58 / 02.08.2018
19232
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати тузилмасида янги қўмита ташкил этилмоқда

Фото: KUN.UZ

Президентнинг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясини Ўзбекистон Республикаси Давлат саноат хавфсизлиги қўмитаси этиб қайта ташкил этиш тўғрисида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Norma’нинг ёзишича, қуйидагиларни Давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилаш кўзланмоқда:

• саноат, радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шунингдек истироҳат боғларидаги аттракционлардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

• хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги саноат хавфсизлиги соҳасини, атом энергетикаси, ядровий технологиялар ва хом ашё объектларидаги радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳасини, шунингдек истироҳат боғларидаги аттракционлардан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солиш;

• радиацион ва ядровий хавфсизликни таъминлаш соҳасида давлат назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

• саноат, радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳаларини тизимли мониторинг қилиш ва аҳволини таҳлил қилиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни фош этиш, шунингдек келгусида уларни бартараф этиш учун аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

• саноат, радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳасида норматив-ҳуқуқий ва норматив техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда қабул қилиш;

• саноат хавфсизлигини экспертиза қилиш тизими ривожланишини таъминлаш, шунингдек атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида объектлар хавфсизлиги экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;

• атом энергетикаси ва ядровий технологиялар соҳаларида лицензиялаш тизимини яратиш;

• хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларни бартараф этиш ва олдини олишга йўналтирилган профилактик чора-тадбирларни, шунингдек иқтисодиётнинг тегишли соҳаларида ишлар хавфсиз юритилишини таъминлаш тизимини амалга ошириш;

• республиканинг ҳарбийлаштирилган тоғ-кон қутқарув қисмига тезкор ва методик раҳбарлик қилиш;

• унинг фаолият соҳасига тегишли халқаро шартномалар бўйича хорижий мамлакатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистоннинг мажбуриятларини бажариш; 

• саноат, радиацион ва ядровий хавфсизлик тизимларини мониторинг қилиш усулларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;

• саноат, радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.

Фармон лойиҳасида қайта ташкил этилган Давлат саноат хавфсизлиги қўмитаси таркибида қуйидагиларни ташкил этиш таклиф қилинмоқда:

• ходимларининг умумий сони 85 штат бирлигини ташкил этадиган Радиацион ва ядровий хавфсизлик департаменти;

• ходимларининг умумий сони 17 штат бирлигини ташкил этадиган Истироҳат боғларидаги аттракционларни назорат қилиш инспекцияси.

Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар маҳаллий давлат, хўжалик бошқаруви, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги кўрсатилган. Давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари эса Бош вазирнинг тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланади.

Шунингдек Давлат қўмитаси тузилмасида саноат хавфсизлиги ва тоғ-кон назорати соҳасида «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси объектларида назоратни амалга оширувчи Қизилқум ихтисослаштирилган инспекциясини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Фармон лойиҳасига кўра кўп хонадонли уй-жойларнинг газ таъминоти тизимида хавфсизлик таъминланиши устидан назорат қилиш функцияларини Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига топшириш режалаштирилмоқда. 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид