Ўзбекистон | 15:23
2077
4 дақиқада ўқилади

Оқбўйра қишлоғидаги портлаш таъсири меъёрдан ортиқ ҳудудларга етиб борган — вазирлик изоҳи

Самарқанддаги Оқбўйра туризм қишлоғида жойлашган кондаги портлатишда тошлар 357 метргача учиб борган, бу – белгиланган 300 метрлик меъёрдан ортиқ, дея маълум қилди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги. Расмий изоҳда масъул корхона аҳолига етказилган моддий зарарни қоплаб бергани айтилади. Портлатиш стандартлари қайта кўриб чиқилиши, аҳолини сиренада огоҳлантириш каби чоралар ваъда қилинмоқда.

Самарқанд туманидаги Оқбўйра туризм қишлоғида 15 апрел куни содир бўлган портлатишдан кейин аҳоли уйларига тош парчалари етиб боргани, деворларда ёриқлар пайдо бўлгани ва ёш болалар, қариялар саросимага тушиб қолгани ҳақида хабар берган эдик. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Kun.uz'га ҳолат юзасидан расмий муносабатини тақдим этди.

Вазирликка кўра, “Миронқул-III” кони “Agro Technology Group” МЧЖга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 июлдаги 546-сонли қарори асосида ажратилган.

Кейинчалик 2021-2022 йилларда тегишли хулосалар ва рухсатномалар расмийлаштирилган. SM №0107 F5-сонли рухсатнома 2022 йил 29 декабрда қайта расмийлаштирилиб, корхона 2042 йил 3 июнгача ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини олган.

Конда портлатиш ишлари “Agro Technology Group” МЧЖ ҳамда “Hisor Tog” МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаси асосида амалга оширилган. Портлатишни бевосита амалга оширган ташкилот инспекция томонидан берилган махсус рухсатномага эга экани таъкидланади.

Расмий ҳужжатларда давлат экологик экспертизаси хулосасига таяниб, аҳоли яшаш пунктигача энг кам хавфсиз масофа 300 метр этиб белгилангани қайд этилади. Вазирлик тақдим этган ўрганиш натижаларига кўра, умумий ҳисобда аҳоли яшаш пунктигача бўлган масофа 450-500 метрни ташкил этгани маълум қилинган. Яъни бу талабларга мувофиқ деб баҳоланган.

Бироқ шу билан бирга, портлатиш оқибатида зарар етган айрим ҳовлилар масофаси 357 метр экани ҳам қайд этилган. Расмий ҳисоб-китобларда ҳудуд хавфсиз масофа доирасида экани кўрсатилса-да, амалда зарар етган объектлар белгиланган 300 метрлик меъёрга яқин экани маълум бўлмоқда.

Вазирликка кўра, 2026 йил 15 апрел кунги портлатиш оқибатида тоғ жинслари 357 метр масофадаги ҳудудга етиб борган бўлиб, бу ҳолат “технологик регламентдан четланиш” сифатида баҳоланган. Шу билан бирга, кон-геологик шароитлар ва портлаш энергиясининг нотўғри тақсимланиши сабаб айрим тош парчалари траекториядан чиқиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Ушбу вазиятда портлатиш ишлари йўналтирилган ҳолда амалга оширилса-да, кон-геологик шароитлар ва портлаш энергиясининг тақсимланишидаги ўзига хос хусусиятлар сабабли айрим тош парчаларининг белгиланган траекториядан четга чиқиши кузатилган. Бу ҳолат бевосита портлатиш технологиясини янада такомиллаштириш ва хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тасдиқлайди, дейилади муносабатда.

Айтилишича, етказилган моддий зарар корхона томонидан қопланган.

Шунингдек, келгусида портлатишлар ҳажмини 10 тоннадан 5 тоннагача камайтириш, портловчи материаллар ҳажмини минимал даражага тушириш ва кон массасини юмшатишнинг муқобил, хавфсизроқ усулларини қўллаш юзасидан кўрсатма берилган.

Бундан ташқари, аҳолини огоҳлантириш учун сирена тизимини жорий этиш, турар жой деворларидаги ёриқлар ва портлатиш ишлари ўртасидаги сабабий боғлиқликни аниқлаш учун Сейсмология институти хулосасини олиш каби чоралар белгиланиши айтилмоқда.

Вазирликка кўра, вазкур йўналишда назорат тадбирлари давом этмоқда, такрорий қоидабузарликлар аниқланса, ер қаъридан фойдаланиш лицензиясини тўхтатишгача бўлган қатъий чоралар кўрилиши мумкин.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид