Ўзбекистон | 07:19 / 03.08.2018
4920
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жиноятчилик 61,6 фоизга пасайгани маълум қилинди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Яккасарой туман ИИО ФМБда «Хавфсиз пойтахт» консепцияси доирасида ўтган бир ойда амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда жамоатчилик институтлари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ўзаро ҳамкорликдаги узлуксиз патруллаш хизмати доирасида шаҳар миқёсида июль ойида жиноятчиликни сезиларли равишда пасайтиришга эришилди. Ўтган йилнинг июль ойи билан солиштирганда шаҳарда жиноятчилик 61,6%га, кечки ва тунги вақтларда эса 62,7%га пасайган. Худди шу кўрсаткич Яккасарой туманида -72,8% ни кўрсатмоқда, шу жумладан кечки вақтларда -61,4%.

Қайд этилганидек, содир этилган ҳуқуқбузарликларга муносабат билдириш, чора-кўриш даражаси ошмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тезкор ходимларнинг воқеа жойига имкон қадар қисқа фурсатда, узоғи 5 дақиқада етиб боришини таъминлаш механизмини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан жиноятларни барвақт аниқлаш, айниқса алкогол ичимлик таъсирида содир этилаётган безорилик, танага жароҳат етказишга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари танқидий кўриб чиқилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини шакллантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид