Жамият | 14:58 / 04.08.2018
8323
2 дақиқада ўқилади

Деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер ресурслари ҳамда инфратузилма объектлари таъминотини соддалаштириш таклиф этилди

Фото: uzlidep.uz

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер ресурслари ва инфратузилма объектлари таъминотини соддалаштириш ҳақида петиция эълон қилинди.

Барчамизга маълумки, қишлоқда истиқомат қилувчи аҳолини иш билан таъминлаш ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини шакллантириш масаласи бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб келмоқда, дейилади мурожаатда. 

Қайд этилишича, ажратилган ҳар бир гектарга фермер камида 2 та ишчи ва 1 сувчини ишга қабул қилса, 20 га ер майдонида 60 киши фаолият юргизиши лозим бўлади. Ўз навбатида, ишчиларга маъмурий бино, ошхона, ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини сақлаб туриш учун зарур бўлган бинолар ва қишлоқ хўжалик техника ва ускуналари учун шийпонларни қуриш лозим бўлади. Аммо ҳозирги ер қонунчилигида белгиланган қоидаларда ушбу юқорида қайд этилган мақсадларни қандай қилиб амалга ошириш белгиланмаганлиги муаммоларни туғдирмоқда. Ёки дала шийпони ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборхоналари қурилиши учун ер майдонлари суғориладиган ва экин ерларига дахл қилмайдиган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлардан ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ерлардан ажратилиб берилиши амалиёти мавжуд.

“Шу муносабат билан, фермерларга ажратилган суғориладиган ер участкаларида 0,5 гектардан ошмайдиган ер майдонида зарур бўлган дала шийпони, мева-сабзавотлар маҳсулотларини сақлаш, уларни қадоқлаш, минерал ўғитлар сақлаш биноларини ва омборхоналарни, хўжалик биноларини, томчилаб суғориш мосламаларни қуриш ҳуқуқини бериш бўйича қоидани ер қонунчилигига киритишни таклиф қиламиз”, - дея якунланади петиция.

Мавзуга оид