Ўзбекистон | 18:03 / 06.08.2018
11291
3 дақиқада ўқилади

Иши судга оширилган ўсмирлар яна жиноятга қўл урди

Шу йилнинг 30 июль куни М.Жасур ички ишлар органларига мурожаат қилиб, 28 июль куни кечки пайт Юнусобод туманида унинг автомашинасидан ичида пластик карточкалари, гувоҳномаси ва пуллари бўлган сумкасини номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати маълум қилмоқда

28 июль куни Жасур машинани бир чеккага тўхтатиб ундан тушиб кетган. Машинанинг орқа ўриндиғида эса унинг 59 ёшли онаси Б.Гулбаҳор ўтирган. Шу пайт бир йигит машина олдига келиб, салонга мўралайди ва ойнадан қўлини тиқиб сумкачани олиб кетади. Гулбаҳор буни дарров пайқамади, йигит ниманидир сўрамоқчи бўлиб келяпти, деб ўйлаган. Сумкани олиб кетаётган йигит нарироқда кутиб турган бошқа бир боланинг олдига етганда эса орқасидан бақирган.

Йигитлар бақириқ овозини эшитиб, орқага қарашади, улар машина ичида одам борлигини сезишмаганди. Шундан сўнг қўрқиб кетиб воқеа жойидан қочиб кетишган. Жасур ўша куни ҳам эртасига ҳам ички ишларга бу ҳақда хабар бермади. Лекин орадан маълум вақт ўтиб, унга нотаниш аёл телефон қилади ва Гангадаги ер ости йўлагидаги чиқинди идишидан 3та пластик банк пластик карточкасини топиб олганини айтади. Шундан сўнггина Жасур бу ҳақда ариза ёзишга қарор қилади. Жабрланувчининг қайд этишича, ўғирланган сумкачада гувоҳнома ва карточкадан ташқари, 310 АҚШ доллари, 300 минг сўм, флешка ва ишхонасининг калити бўлган.

Кузатув камераси ёрдамида ички ишлар ходимлари гумондорларнинг шахсларини аниқладилар. 

Шу йилнинг 3 июнь куни 16 ёшли А.Акбар ва К.Ҳусниддин ҳамда 17 ёшли У.Иброҳим ва М.Азизбек томонидан Исломобод кўчасида тўхтаб турган автомобиль салонидан иккита уяли алоқа воситаси ўғирланган. Ушбу ҳолат бўйича ўғрилик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Болаларнинг ёшлигини инобатга олган ҳолда уларнинг барчаси ота-онасининг шахсан кафиллиги билан тергов жараёнида озодликда қолдирилганди. 13 июнь куни эса иш судга оширилган ва у 1 август куни кўриб чиқилиши керак эди.

Энди эса гумондорлар А.Акбар ва К.Ҳусниддин такроран жиноят содир этганликлари ва жиноий жавобгарликка тортилганликлари учун суд аввалги эҳтиёт чорасини қамоққа олиш чорасига ўзгартирди.

Мавзуга оид