Пўлат Бобожонов Сурхондарёда. ИИВ тизимидаги 8 нафар раҳбар ишдан олинди
Сурхондарё вилоятида иш олиб борган ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи вилоятнинг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор туманлари ИИБларида бўлиб, шахсий таркиб билан юзма-юз учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Туман ички ишлар бўлимларининг ҳар бирида Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида барча ходимлар иштирокида танқидий руҳда тезкор йиғилишлар ўтказилиб, фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича шахсий таркибга аниқ вазифалар юкланди.
Ўзбекистон Республикаси президенти девони, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларидан иборат текширув гуруҳи вилоятнинг барча ички ишлар органлари фаолиятини ўрганди. Шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ва ҳуқуқий саводхонлиги даражасига, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлигига, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишига баҳо берилди.
2 август куни вилоят ички ишлар бошқармасида ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Кўрилган комплекс чоралар натижасида вилоят бўйича умумий жиноятлар 567 тага ёки 36,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 388 тага ёки 35,1 фоизга камайганлиги қайд этилди. Вилоят ҳудудида жами 614 та “Жамоатчилик назорати масканлари” ташкил этилгани ва аҳоли гавжум бўладиган 3688 та объектга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани жиноятчиликка қарши курашишда натижадорликка эришишни таъминлагани таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, айрим шаҳар ва туманларда тегишли чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли олиб борилмаётганлиги, профилактика инспекторлари ўз фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда ташкил этмаётганликлари оқибатида оила-турмуш ва қўни-қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётгани қайд этиб ўтилди.
Айниқса, вилоятнинг Термиз ва Шеробод туманларида айнан июнь ойининг ўзида жиноят қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар сони кескин ошгани, Термиз туманида жорий йилнинг олти ойида содир этилган жиноятларнинг 18 таси ёки 44 фоизи июнь ойида қайд этилгани танқид остига олинди.
Вилоятда қайд этилаётган жиноятларнинг чуқур таҳлили жойларда ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган секторларда ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўзининг кутилган натижасини бермаётганлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Бунга жорий йилнинг олти ойи мобайнида 717 та маҳалланинг 308 тасида ёки 43 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилганини келтириш мумкин.
Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан бугунги кун талабларига жавоб бермагани, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмагани учун бир қатор ходимларга нисбатан интизомий жазолаш чоралари кўрилди.
Жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи И.Халилов, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи Ж.Ҳасанов, Шеробод туман ИИБ бошлиғи Д.Кенжаев, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Акрамов, Шеробод туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Хамитов, Бойсун туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Хушбаков, Узун туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари С.Хамираев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Мўминовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Жарқўрғон туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Валиев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Б.Аминқулов, Жарқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Ибрагимов, Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Хушбақов, Музработ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Аҳмедовларга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди.
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024