Ўзбекистон | 20:18 / 07.08.2018
5514
2 дақиқада ўқилади

Silk road визасига қўшни мамлакатлар ҳам қизиқиш билдирмоқда - Туризм қўмитаси

Фото: iStock

«Буюк Ипак йўли» бўйида жойлашган давлатлар, хусусан Марказий Осиё мамлакатларининг бир нечтасига ташриф буюриш ҳуқуқини берувчи Silk road виза режими қўшни давлатларни ҳам қизиқтирмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий вакили Kun.uz'га маълум қилди.

«Бу суҳбат Қозоғистон билан бошланган бўлса-да, бошқа қўшни давлатлар ҳам унга қизиқиш билдирмоқда. Аммо, улар билан музокараларни бошлашдан аввал, ўзимиз ички ташкилот ва идоралар ўртасидаги келишувни якунлашимиз, йўл харитасига эга бўлишимиз зарур.

Шундан кейин, қўшнилар билан, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлат ҳукуматлари билан музокараларни бошлаш мақсадга мувофиқ», дейди қўмита Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари. 

4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳужжатга кўра, мазкур келишувлар шу йилнинг октябрь ойига қадар якунланиши белгиланган. 

Сенат қўмита раисининг таъкидлашича, бу, аслида, катта жараённинг бошланғич босқичи.

«Яна бу ишнинг техник ва технологик жиҳатлари бор. Европа Иттифоқи ҳам бир кунда тузилмаган, синхронизация масалалари ҳам мавжуд», дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Қозоғистон Сенати Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Осиё «​шенгени»​ни йўлга қўйишни таклиф қилганди. Қозоғистонлик сенаторлар Сариёғочда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси депутатлари билан учраш​иб, унда Дариға Назарбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонда туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз юрит​ган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид