Спорт | 16:28 / 07.08.2018
7438
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати Жакартага йўл олаётган спортчиларимизга омад тилади

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Осиё ўйинларига йўл олаётган ўзбекистонлик спортчилар, мураббийлар, федерациялар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида расмий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, президент девони масъул ходими Зафар Бакиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда бош котиб Жасур Матчанов иштирок этди.

Ўзбекистон спорти раҳбарияти расмийлари сўзга чиқиб, йиғилганларга муҳим турнир олдидан омад ва зафарлар тилаб, ёруғ юз билан ортга қайтишларини тилашди.

Хабарингиз бор, Осиё ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларида ўзбекистонлик таниқли боксчи Исроил Мадримов терма жамоа байроқдори бўлади. Маросим якунида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов таниқли спортчимизга давлатимиз байроғини тантанали суръатда топширди.

XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон термаси шарафини 30 спорт тури бўйича жами 232 нафар спортчи ҳимоя қилади. Мусобақани бевосита воқеа жойидан ёритиб бориш мақсадида тарихда илк бор 20га яқин журналист делегация таркибидан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, олимпия ўйинларига киритилган ўзбек миллий кураши илк марта ушбу мусобақа дастуридан ўрин олган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид